Бугун бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазири болаларни мактабга қабул қилишнинг янги тартиби ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, мактаб ёшидаги ҳеч бир бола таълимсиз қолиб кетмайди.

Тадбирда психологлар томонидан мактабга чиқиш тайёр деб тавсия берилган болалар ўқишга қабул қилиниш-қилинмаслиги ҳақида савол берилди. Шерзод Шерматов саволга жавоб бераркан, 7 ёшгача бўлган болаларни мактабга беришга ҳеч ким қарши эмаслигини айтиб, фақат бу уларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирди.

"Мактаб ёшига етмаган болаларни мактабгача таълимга бепул тайёрлаш бўйича қарор ўтган йили декабрда чиққан. Агар микроҳудудингиздаги мактабга фарзандингизни 6 ёшдан мактабга бермоқчи бўлсангиз, қарши эмасмиз, бунга ҳақлисиз. Лекин барибир биз бу ёшдаги болаларни мактабга қабул қилишни тавсия этмаймиз, чунки бу унинг ривожланишига зиён қилади", деди вазир.

Шерматовнинг алоҳида таъкидлашича, қонун бўйича Ўзбекистонда таълим ҳамма учун мажбурий бўлиб, мактаб ёшидаги бирорта бола четда қолиб кетмайди.

Баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган қарор тарихи: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорига мувофиқ Тошкентдаги 81 та мактабда тажриба ўтказилмоқда. Унга кўра бошқа микроҳудуддаги мактабларнинг 1-синфига ҳужжат топширганлар ва мактаб ёшига етмаган болалар қўшимча квота асосида қабул қилиниши, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғим ундирилиши белгиланган эди.

Қарорнинг ижро механизмлари, тегишли дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишга ва тўғри ишлашини текширишга, айниқса, тўлов билан боғлиқ тизимларга кетадиган вақт ҳисобга олиниб, талабгир мактабга қабулда ҳозирча пул олинмайдиган бўлди.