Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунларида назорат қилишлари бўйича тилхат олишга кўрсатма бермаган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқ ва ОАВда мактаб директорлари, синф раҳбарлари мажбурий равишда ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунлари тўлиқ назорат қилишлари бўйича тилхат олаётгани ҳақида маълумот тарқаган эди.

Тилхатда хусусан фарзанд таътил давомида масжидларга намоз ўқишга бормаслиги ҳақида гап кетган.

"Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунларида назорат қилишлари бўйича тилхат олишга кўрсатма берилмаганини расман таъкидлайди.

Бу иш мактаб директори ва синф раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилган хатти-ҳаракатдир", – дейди ХТВ матбуот хизмати.

Халқ таълими вазирлигининг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар содир бўлганида ота-оналар мактаб вакилларига бундай ҳаракати нотўғри эканини тушунтиришлари лозим.

  • Шундай хатти-ҳаракатлар юзасидан вазирликнинг 10-06 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш зарур.
  • ХТВ томонидан аниқланган ҳар бир ғайриқонуний ҳолат юзасидан мактаб директори, синф раҳбари ва мутасаддиларга нисбатан қонунчилик доирасида жазо чоралари кўрилади.