Ўзбеклар сиёсат билан шуғулланишдан иложи борича қочадиган халқлардандир. Бунга халқ яқин тарихдаги қатағон ва тазйиқлар, мустақил ва танқидий фикрга эга бўлганлар жамиятга сиғдирилмаганига гувоҳ бўлгани сабаб бўлиши мумкин. Олимларнинг аниқлашича, ўтган аждодлар ҳаётида содир бўлган воқеалар ўзига хос генетик хотира орқали кейинги авлодларнинг ўзини тутишига таъсир қилар экан. Яъни, кўрқув наслдан ўтар экан. Ўзбеклар аксарият ҳолларда ўз фарзандига (яхши ниятда) ўзига ортиқча эътиборни тортмасдан яшашни ўргатади.

Лекин яна бошқа психологларнинг айтишича, болага доим жим бўлишни, «оч қорним – тинч қулоғим» тамойили билан яшашни ўргатиш уни хавф-хатардан асрай олмас экан.

Тарихчи Тамара Эйделман ва психолог Марина Гогуева жамоавий қўрқув ҳисси ва жим бўлиш (болаларни ҳам шунга ўргатиш) нима учун тўғри эмаслигини тушунтиради. Minbar эътиборингизга Mel.Fm мақоласининг таржимасини тақдим этади.

Тамара Эйделман, тарихчи, муаллим:

– Ота-онам ҳеч қачон мен билан сиёсат ҳақида гаплашмаган, атайлаб сиёсий билимимни ошириш учун ҳаракат қилишмаган. Аммо мен доим уларнинг гурунгларини эшитардим. Шуни ҳам айтиш керакки, у пайтлар ҳокимиятни танқид қилиш ҳозиргидан ҳам кўпроқ муаммолар келтириб чиқариши мумкин бўлган даврлар эди. Лекин мени бу билан қўрқитишмаган: мен шунчаки катталарнинг гапларини тинглар, улар муҳокама қилаётган ғояларни англар эдим, уларнинг китобларини ўқирдим, ўзим ҳам баъзи масалаларни таҳлил қила бошлагандим. Менинг сиёсий қарашларим ҳеч қандай босимсиз, табиий равишда шаклланган.

Мен болага қандайдир қарашларни тиқиштириш керак эмас деб ҳисоблайман, аммо бола эшитиб қолади деб сизни ташвишга солаётган мавзулар ҳақида гапирмаслик ҳам тўғри эмас. У сиздан дунёда нималар бўлаётгани ҳақида эшитгани, тушунмаган нарсалари ҳақида сўрагани маъқул. Адолатсизлик ҳақидаги гурунгларни эшитган фарзандингиз баррикадаларга чиқишидан қўрқасизми? Унда унга «ҳалол одам бўлиш» ҳам яшашнинг бир йўли ва катта иш эканини тушунтиринг. Чунки қонунни бузмасдан, ишимизни виждонан бажариш билан ҳам биз яхшиликка хизмат қиламиз.

«Нима учун сиз, катталар, бўлаётган воқеаларга аралашмайсиз?» деган саволга нима деб жавоб беришни эса билмайман. Чунки мен ростан аралашмайман.

Албатта, ўтакетган тентакларни ҳисобга олмаганда ҳаммамиз нимадандир қўрқамиз. Биз қўрқувни нима қилишимиз бошқа масала. Мен ҳар сафар рухсат берилмаган намойишларга чиқаётганда қўрқаман, лекин барибир чиқаман. Чунки чиқишим зарур деб ҳисоблайман.

Агар ота-онаси ўғри бўлса боланинг ҳалол бўлиши қийин. Худди шунга ўхшаш – агар ота-оналар ўз фикрини айтишдан, уни ҳимоя қилишдан қўрқмаса, уларнинг фарзандлари ҳам қўрқмаслиги тайин.

«Робб бу одам мардларча ҳалок бўлганини айтди, Жон эса у қўрқди деди.

– Сен нима деб ўйлайсан? – сўради отаси. Бран ўйланиб қолди.

– Инсон жасур бўлиши, лекин нимадандир қўрқиши мумкин эмасми?

– Жасур одам айнан шундай бўлади».

«Тахтлар ўйини» сериалидан.

Марина Гогуева, психолог:

– Қўрқув – энг ёмон ҳиссиёт эмас, у жон сақлаш механизмининг бир бўлагидир. Инсон нимадандир қўрқса, демак дунёда нималар бўлаётганини таҳлил қилади, ўзи тушиб қолган ҳолатни англайди. Катта одамнинг қўрқуви айнан шундай бўлиши керак, айнан шундай қўрқиш «тўғридир». Шу боис болани танқидий, таҳлилий фикрлашга ўргатиш лозим, шунда у хатарга дуч келганда ўзини йўқотиб қўймайди, ушбу механизмлар ишга тушади.

Болани ўз фикрини айтгани учун уришиш эса зарарлидир. Болага доим жим бўл, аралашма деб қулоғига қуйиш билан уни хавф-хатардан асрамайсиз, аксинча, бўш, ҳимоясиз қилиб тарбиялайсиз.

Ҳаётда бирон нарсани танлар экан, инсон фақат ўз фикрига асосланади, биринчи навбатда ўзига фойдали қарорга келади. Жамиятга эмас, ота-онасига эмас, иш берувчига эмас, фақат ўзига. Ҳатто иши ўнгидан келмаган тақдирда ҳам у бундан хулоса чиқаради ва хатоларини таҳлил қилиб вазиятдан чиқиш йўлини топади.

Шу боис болаларни ёшлигидан ўз фикрини айтишгагина эмас, унинг учун масъулиятни ҳис қилишга ҳам ўргатиш керак. Бу уларнинг келажакда бахтли ҳаёт кечиришига катта ёрдам бўлади.