10 март куни “Ethiopian Airlines”га қарашли “Boeing 737 МАХ 8” Аддис Абабадан кўтарилгач, 6 дақиқа ўтиб қулади. 157 киши ҳалок бўлди. Бу воқеа катта шов-шувга сабаб бўлмаслиги мумкин эди. Аммо “Lion Air”га қарашли айни шу русумдаги самолёт ҳам 2018 йилнинг 29 октябрида Ява денгизида қулаб, 189 одам қурбон бўлган эди.

“Ethiopian Airlines” учоғи ҳалокатидан бир кун ўтиб, Хитой мамлакатдаги барча авиакомпанияларга қарашли "737 МАХ"ларни қўндиришни, улардан фойдаланишни тўхтатишни буюрди. Кейинги икки кун ичида ҳукуматлар шу русумдаги самолётлардан фойдаланишни тўхтата бошлашди. Охирида АҚШнинг Федерал авиация маъмурияти ушбу учоқлар парвозини тўхтатиш ҳақида буйруқ чиқарди.

14 мартдан Boeing компанияси "737 МАХ"ларни буюртмачиларга юборишни тўхтатди.

Мутахассислар ҳар икки ҳалокат жуда ўхшашлиги, “Boeing 737 МАХ 8” парвозда мувозанатни назорат қилувчи тизимининг MCAS (Maneuvering Characteristics Augmentation System) дастурий таъминотида нуқсон борлигини айтишмоқда. Шунингдек, учувчиларнинг ушбу тизим ҳақида билими етарли бўлмагани ҳам ҳалокатга сабаб қилиб кўрсатилаяпти.

"Boeing 737" 1967 йилдан буён ишлаб чиқариладиган икки моторли учоқлардир.

"Boeing 737"нинг 4 та авлоди мавжуд:

  1. 737 Original series. Boeing 737-100/200 ушбу русумдаги самолётларнинг энг кичик варианти. 1967 – 1989-йиллари ишлаб чиқарилган.
  2. 737 Classic series. Boeing 737-300/400/500 учоқлари 145-188 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, 1984 – 2000-йилларда 1988 дона ишлаб чиқарилган.
  3. 737 Next Generation. Boeing 737-600/700/800/900 1993 йилдан буён ишлаб чиқарилган 110-210 нафар йўловчига мўлжалланган. 2019 йилгача 6996 дона учоқ етказиб берилган.
  4. 737 MAX. "МАХ"нинг 4 та варианти мавжуд – МАХ 7/8/9/10. 138-230 йўловчига мўлжалланган. Ҳалокатга учраган икки самолёт айни шу авлодга мансуб.

Boeing 737 MAX нимаси билан фарқли?

2010 йили Европанинг “Airbus” корпорацияси “Airbus A320neo” учоғини парвозга тайёр қилди. Ушбу самолёт аввалгиларига нисбатан ёқилғини 15 фоиз камроқ сарфлаши билан ажралиб туради. У жуда тез харидор топа бошлади. “Boeing” компанияси ўз харидорларини “Airbus”га бой бериши хавфи пайдо бўлди. Ягона чора “Airbus A320neo” билан рақобат қила оладиган самолётни яратиш эди. Boeing 737 MAX ана шу эҳтиёж маҳсули ўлароқ дунёга келди.

2015 йили "737 MAX"нинг илк намунаси ишлаб чиқилди, илк парвозни 2016 йили амалга оширди. Ҳозир компанияга ушбу русумдаги 5826 та учоққа буюртма берилган. Буюртмаларнинг жами қиймати 400 миллиард АҚШ долларига тенг (“Airbus A320neo” учун 2019 йил февралигача 6501 та буюртма тушган ва 687 таси эгаларига етказилган).

MAX 8 “Airbus A320neo” учун жиддий рақобатчи бўлса ҳам, унинг имкониятини чекловчи жойи – икки қаноти остининг қудратли мотор ўрнатишга нобоплиги эди.

Учоқ моторининг итариш кучи унинг парраклари диаметрига боғлиқ. Диаметри катта паррак катта куч дегани. “Airbus A320neo” моторининг парраклари 198 см. "Boeing 737"ларга эса нари борса 175 см парракли мотор қўйиш мумкин. Чунки 737 русумли учоқларнинг қанотлари тагида катта диаметрдаги парракли моторга жой йўқ.

Шундай қилиб “Boeing” компанияси “Airbus A320neo” моторидан 20 фоиз кучсизроқ 175 см парракли моторни ўрнатишга қарор қилди. Моторни аввалгидан кўра тепароқ ва қанотдан олдинга чиқариброқ ўрнатишди.

Аммо бу жиддий муаммога сабаб бўлди: учоқнинг оғирлик маркази ўзгариб, учганида тумшуғи тепага кўтарилиб кетаверадиган бўлиб қолди. “Boeing” муҳандислари бу муаммонинг ечимини учоқнинг думидан топишди. Яъни унинг икки ёнга чиққан думи ёрдамида учоқнинг мувозанатини сақламоқчи бўлишди. Бунинг учун думнинг ҳаракатини бошқарадиган дастурий таъминот – MCAS яратилди. Очиғи учоқнинг парвозда мувозанатини назорат қилувчи бу дастурий таъминотнинг қандай ишлашини ҳамма учувчилар ҳам билмайди.

Қудратли самолётни яратмоқчи бўлган компанияга унинг кичик моторлар учун мўлжалланган дизайни халал берди, каттароқ мотор ўрнатишга жой топилмади. Сўлоқмондай моторни бир амаллаб ўрнатишди. Оқибати эса ҳалокатли бўлди.