Янги алифбодаги ўзгаришлар бўйича ишчи гуруҳ хулосаси эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда муҳокама авж олди. Ишчи гуруҳ 29 ҳарф ва бир белгидан таркиб топган такомиллаштирилган алифбо лойиҳасини ишлаб чиққан.

Аслида ишчи гуруҳ хулосаси ўтган йилнинг 21 октябрида тайёрланган, хулосани эълон қилиш учун эса роппа-роса 7 ой вақт кетибди, хулоса эълон қилинишига шунча вақт кетган бўлса, бу кетишда алифбо ўзгаришидан умид қилишга эрта шекилли.

Муҳокамалардаги асосий жиҳатлар:

  • Янги алифбога кирилл ёзувидаги “ц”нинг ўрнини босувчи “с” ҳарфининг киритилгани (“цех” сўзининг янги алифбода ёзилиши анчадан буён кулгига олинаётган эди) кескин танқид қилинаяпти.
  • “Ng” ҳарфининг алифбодан бутунлай олиб ташланганига ҳам эътирозлар кўп бўлаяпти.
  • ҳарфи Ó, Gʻ ҳарфи Ǵ, Sh ҳарфи Ş, Ch ҳарфи Ç бўлишига эътирозлар деярли йўқ.
  • Алифбо янгиланмаслиги айтилаяпти, ўзгараётган алифбо ҳозирги алифбодан кўра мукаммал эмаслиги ҳақида ҳам фикрлар бўлаяпти.

“С” киритилишига асос нима?

Такомиллаштирилган алифбо лойиҳасига кўра Cc (ц) ҳарфи алифбо тугаллигини таъминлаш, шунингдек, ўзлашма сўз ва атамаларни аниқ ифодалаш мақсадида киритилган.

Бу белгини ёқловчи ва рад этувчи икки зид қутб бор.

Сс ни рад этувчилар уни алифбомизга киритмаслигимиз керак, сабаби, бу ҳарф турли халқларда турлича товушлар (с, к, ж, ч, ц)ни ифодалайди, унга қайси товушни юкламайлик, халқаро атамаларни ўқишда чалкашликлар юзага келади дейишади.

Сс ни ёқловчилар бу ҳарф алифбомизда мавжуд бўлмагани билан маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий ҳаётимизда барибир иштирок этаяпти, масалан, паспорт серияси, тест саволномаси, автомашина рақамлари каби рўйхат бандларини алифбо асосида тартиблашда ва бошқа ҳолатларда Сс ҳарфидан фойдаланаяпмиз, шунинг учун бу ҳарфни алифбога қабул қилишимиз шарт дейишади.

Сс ни ёқловчиларнинг аксарияти бу белгидан кирилл алифбосидаги Цц товушини ифодалаш учун фойдаланайлик дейишади ва ўз қарашларини асослаш учун қатор далиллар келтиради. Жумладан:

1) тил жонли ҳодиса сифатида мунтазам ривожланади: ўтган асрда тилимизга чет тиллар, хусусан, рус тили орқали ц ҳарфи қатнашган жуда кўп ўзлашма сўзлар кириб келди – s ҳарфи ёки ts бирикмаси эса бу товушни ҳамиша ҳам тўла акс эттирмайди;

2) халқаро табиатга эга бўлган сўзлар, хусусан, кўп илмий-тиббий атамаларда Cc (ц) ҳарфи жуда фаол иштирок этади;

3) ўзга миллат вакилларининг исм-фамилиясидаги ц товушини тўғри акс эттириш имконияти йўқлиги боис баъзан муайян ноқулайлик, чалкашликлар юзага келмоқда. Масалан: Цой – Soy;

4) қадимий лотин тилига мансуб бўлган ц ҳарфли кўп сўзлар аслиятда ҳам Сс ҳарфи билан ёзилган. Масалан: цирк (circus), цемент (caementum), концерт (concerto), лицей (lyceum) ва ҳ. Ва бугун ҳам лотин алифболи кўп халқлар бу сўзларни аслиятга мувофиқ ёки яқин тарзда ёзади. Масалан:

Лотин

Инглиз

Испан

Француз

Чех

Поляк

Cirkus

circus

circo

Cirque

cirkus

cirk

caementum

cement

cemento

Ciment

cement

cement

concerto

concert

concierto

Concert

koncert

koncert

Lyceum

lyceum

liceo

Lycce

lyceum

liceum

5) дунёдаги кўп халқлар алифбосига фақат ўзлашма сўзлар учун махсус ҳарфлар киритилган. Масалан, венгер алифбосида – Q, W, X ва Y ҳарфлари;

6) алифбога Cc (ц) ҳарфининг киритилиши кирилл ёзувига ўрганиб қолган катта авлод вакилларининг ҳам лотин ёзувига тезроқ мослашиб кетишига, расмий алифбомизнинг кенг қўлланишига замин яратади.

Мабодо, Cc тарафдорларининг юқоридаги далиллари асосли деб топилса ва алифбомизга Cc (ц) ҳарфи қабул қилинса ҳам, бизнингча, рус тили қонуниятларига кўр-кўрона эргашмасдан, ўзлашма сўзларнинг этимологияси ҳамда тилимиз табиатидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос қоидани жорий қилишимиз лозим.

Эҳтимол, бу қоида шундай бўлар: Cc ҳарфи ўзлашма сўзларда қўлланади. У сўз бошида ёки ундош товушдан кейин келса, Ss ҳарфи каби (cirk, lekciya), унли товушдан кейин келса, ts (licey, administraciya) тарзида ўқилади”. Шунда Cc ли ўзлашма сўзларни аслиятга мувофиқ ёзиб, тилимиз табиатига кўра талаффуз қиламиз.

Сс ҳарфи бўйича таклиф:

Алифбо тугаллигини таъминлаш, шунингдек, ўзлашма сўз ва атамаларни аниқ ифодалаш мақсадида Cc (ц) ҳарфини қабул қилиш.

Зиёлилар нима дейди?

Журналист Парвина Омонованинг ёзишича, “Ўзбек халқининг артикуляцион физиономиясига тўғри келмайди “ц” ҳарфи. Аҳолимизнинг ярмидан кўпи “ц”ни талаффуз қилишда қийналади. Бу ҳарфни алифбога киритиш уларнинг талаффузи камситилишига олиб келади. Масалан, бугун ОАВда эшитдим, “консерн” сўзини концерн сифатида талаффуз қилмади журналист. Мажбур ҳам эмас. Ўзлаштирма сўзлар ўша аҳолининг артикуляция имкониятлари билан ҳисоблашиши керак. Кўп сўзлар ўзбек нормаларига кўра ўзлаштириб ҳам олинди аллақачон, энди одамларни қайтадан “с”га ўргатишни тасаввур қилиб бўлмайди. Қолаверса, беўхшов таҳлиллар берилган: инглизлар лотин тилидан қолган “с” иштирокидаги сўзларни “ц” сифатида талаффуз қилмайди, уни бизнинг тил билан таққослашнинг ҳожати йўқ. Кирилл алифбосидан ўтувчилар учун қулайлик яратиш эса кулгили мақсад”.

Ёш тадқиқотчи-филолог Ҳусан Мақсудов “С” (ц) ҳарфини жорий қилишга 2 та важ топилиши мумкин: 1) “с”нинг қаердан келганини кўрсатиш учун. Лекин бу ўзини оқламайди. Кирилл алифбосида “с” ҳарфи бор, лекин кирилл алифбосини ишлатадиганлар хижолат бўлиб, ер чизиб важ-карсон кўрсатишмайди. Ё бўлмаса, турклар ҳам “ç” ҳарфини инглизларнинг “с” ҳарфига илмоқ қўйиб ясадик деб хижолат чекишаётгани йўқ. 2) “цех” сўзининг хунук ва уятсиз сўзга шаклдош бўлмаслиги учун ҳам с (ц) ҳарфи киритилаяпти. Менимча, бу асосий сабаблардан бири”,деб ҳисоблайди.

"Фейсбук" фаоли Доно Бекчанова: “Имло ва талаффуз қоидалари “Ц”га тегилса бузалади деган қараш нотўғри. Ўзлашма сўзларни тилга қабул қилишнинг ўз қонун-қоидалари бор ва булар “цех”, “цирк” каби сўзларни олишда бузилиб бўлган. Энди уларни тўғрилаш керак. “Цирк” бўладими, “Сirk” бўладими, оддий ўзбек уни “sirk” дейди. “Ц” – ўзбек тилига ёт товуш. “Ц” масаласида келтирилган мисоллар илмийликдан йироқ. Масалан, Amer. |ˈsɜːrkəs| Brit. |ˈsəːkəs|”, – дейди.

Профессор, тилшунос Муҳаббат Қурбонова “C” ҳарфининг мутлақо ортиқчалиги ва келтирилган аргумент ҳам асоссиз эканини таъкидлаган. Бу халқни анча чалкаштиради деб ҳисоблайди тилшунос ва бошқа ҳарфлар амалий жиҳатдан қулайлаштирилганини айтади.

Хушнудбек Худойбердиев “с” ҳарфи мутлақ бегона эмаслигини айтган: “Ҳа, бир нарсани тан олиб айтиш керакки, жамиятда алифболар алмашуви ҳар доим ҳам осон кечмайди. Аммо бугунги кунда лотин алифбосига киритилаётган ўзгаришлар халқни саводсиз қилиши ҳақидаги даъволарга мутлақо қўшилиб бўлмайди. Алифбога мазмунан биттагина ўзгариш киритилмоқда, яъни кирилчадаги «ц» ҳарфи учун янги «с» ҳарфи алифбога киритилмоқда. Лекин бу ҳарф ҳам кўзимиз учун мутлақо бегона эмас, уни яхши таниймиз. Cirk, miliciya, innovaciya каби сўзларни ўқий олмасдан, халқ саводсизга айланишини тасаввур қилиш қийин”.

Блогер Шаҳноза Тўрахўжаева ушбу хулосага олиб келган муҳокамаларда иштирок этган ва хулосага имзо чеккан инсон сифатида ўз мулоҳазаларини билдирган: “Ц ни сақлаб қолиш ва унга лотин графикасида С ҳарфини бериш масаласи жиддий муҳокама бўлди. Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида (ректор Шуҳрат Сирожиддинов кабинетидаги йиғилиш) Ц ни сақлаб қолиш ҳақидаги таклифимни Низомиддин Маҳмудов домла қаттиқ қайириб ташладилар. Октябрдаги имло конференциясида С ҳарфини Ж учун олиб, иккита Ж қилиш масаласи кўтарилди, С ни Ц ўрнига олиш яна қаттиқ рад этилди. Айтиш лозимки, ўша конференцияда асосан катта авлод тилшунослар фикри эътиборга олинди. Кейинчалик матн, таржима, электрон таржима ва матнларни алифбодан алифбога конвертация қилиш билан фаол шуғулланадиган ёш мутахассислар ҳам ишчи гуруҳга жалб қилингач, С ҳарфи Ц ўрнига олинадиган бўлди. Кўриб турганингиздек, бу ўриспарастлик, Россия таъсири деган сиёсий мотивлар эмас, айнан амалиётчи мутахассисларнинг асосли фикрлари ва таклифлари ортидан қабул қилинган қарордир. Бу функционал қарор, сиёсий эмас”.

“savodxon.uz” сайти асосчиси Жавлон Жўраев “руслардан аламзадалик юзасидан нима дейишса ҳам, “с” тилимизнинг ажралмас қисми бўлиб бўлган, бундан бошни қумга тиқиб қутулиб бўлмайди” деб ҳисоблайди.

BBC журналисти Рустам Қобил “ўзбек тилида йўқ ва ўртаҳол ўзбек ўз тилини бураб, айтолмайдиган бегона ц товуши учун алоҳида c киритилишини тушуна олмаслигини билдирган. “Ц ҳарфи бир асрки, барибир, халқимиз учун бегона бўлиб қолаверди (халқ деганда, ц товушини ўз она тилидек айта оладиган юртдошларимиз қаторида бозор ва даладаги ўзбекистонликларни ҳам назарда тутаман). Аксар аҳолимиз ц товушини барибир оддий с деб талаффуз қилади. Энди биз ана шу аксар аҳоли, яъни кўпчиликни саводсизга чиқариб қўйишимиз мумкин. Биламизки, ц товушини айтолмаган ёки давлат тилини мукаммал ўргана олмаган совет фуқаролари 70 йил ўзларини етук саводхон ҳис қилишмаган ва иккинчи даражали одамдек билиб, мавқеларини паст тутиб, нисбатан жамият чеккасида яшаб келишган. Энди эса ц ҳарфи боис жамиятдаги саводхонлик тарозиси посангиси тил масаласида бир тарафга оғиб, одамлар яна саводли-саводсиз, шаҳарлик-қишлоқлик каби тоифаларга ажралиши кучайиши мумкин”,дейди журналист.

"BBC"нинг яна бир журналисти Ибрат Сафонинг ёзишича, “Агар 20-аср бошларига қайтсак, жадидларимизнинг лотин алифбоси борасидаги қизғин тортишувларига гувоҳ бўламиз. Ўша даврлар мақолаларини ўқисангиз, лотин алифбоси бир неча бор ўзгарганини кўрасиз. Бошқа туркий халқлар билан яқинлашиш ҳам кўзланган. Кўп ўтмай бу халқларнинг эркин фикри ва ёзувидан хавотирга тушган Москва лотинга нуқта қўйган. Бу сафар пантуркист ғоялар эмас, миллат алифбосини одам қилиш масаласи кўндаланг турибди. «Ц»га келсак, шахсан ўзим «С» тарафдориман. Ц тилимизга кириб келган ва ундан сунъий равишда воз кечиб ҳеч нимага эришмаймиз. Секс билан цехнинг фарқига бормасак уят бўлар».

Муҳокамаларда ҳазил ва юмор билан фикрини билдираётган фойдаланувчилар ҳам бор. Масалан мана бу изоҳ:

Мана бу баҳсда эса “sex” сўзининг нотўғри тушунилмаслигига ечим келтирилган:

Скреншот: Facebook

Журналист Шуҳрат Шокиржонўғли тилимизга “с” кераклиги тарафдори: “Чунки масалан, “пицца” ўрисча сўзмас. Ёки италянлар пизза дейишади, руслар пицца деб ўзига мослаштирган эмас. Цунами русча сўзмас. Умуман тилимиздаги Ц иштирок этган сўзларнинг бирортаси русча эмас. Ц деганда руслар ва рус тилини тушунадиганлар — ҳафтафаҳмлардур, бўталоқларим”.


"Фейсбук" фаоли Абдулазиз Саидалиханов “с” тугул, умуман ўзгаришлардан норози: “Хўш, нима кераги бор тўхтовсиз ўзгартиришнинг? Бир авлод ўрганган алифбони иккинчи авлод ўрганмаяпти. Учинчи авлод яна бошқа алифбони ўрганаяпти. Бундан мақсад нима? Қай даражада саводсиз бўлсак, тилимиз қай даражада майна-ю калака бўлса кўнглингиз жойига тушади, тилшунослар? Сўзимни инглиз тилидаги мана бу жумла билан тугатаман. Мазмунининг эмас, ўқилишининг алоқаси бор. Ўн марта қатнашган "-ough" бирикмаси нақд тўққиз хил ўқилади. Бир хил бирикма, тўққиз хил ўқилиш. Аммо дунёда ҳукмрон тил бу: "I thOUGHt it would be rOUGH to plOUGH thrOUGH the slOUGH, thOUGH it was falling into the lOUGH that left me thorOUGHly cOUGHing and hiccOUGHing".

“Ц” ҳарфи ҳақида

“Ц” ҳарфининг муҳим ёки муҳим эмаслигини “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”дан ҳам билиб олиш мумкин. ЎМЭда “ц” ҳарфига бундай изоҳ берилган: “Қўлланиши жиҳатидан нофаол фонемани ифодаловчи ҳарф: фақат рус тили орқали кириб келган оз сонли русча ва байналмилал сўзлар таркибида учрайди. Сўзнинг бошида (цирк, циклон), ўртасида (акция, процент, француз) ва охирида (абзац, кварц, шприц) кела олади. Ушбу ҳарф ифодаловчи товуш туркий тилларда бўлмаганлиги ва ўзбек тилига ҳам бу товуш тўла ўзлашиб кетмаганлиги сабабли у туркий халқлар учун умумий бўлган ёзувлардан фақат кирилл алифбосидагина учрайди”.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг "Ц ҳарфи билан бошланувчи сўзлар” берилган бобида “ц” ҳарфи билан бошланувчи 122 та сўз келтирилган.