Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекция бошлиғи Ўлмас Собиров 5 июлда Судочье кўлида чиққан ёнғинга чақмоқ сабаб бўлганини айтган.

Мухбирлар Мўйноқ туманининг Судочье кўли ҳудудидаги қуриган қамишзорларда ёнғин чиқиши оқибатида қанча майдон ёнганини сўраган.

“Судочье кўлининг умумий майдони 50 минг гектар бўлиб, ёнғин натижасида жами 278 гектар қамишзор ёнган. Оловнинг келиб чиқиши ва майдонга ёйилиши ҳақида аниқ хулосалар бор. Ёнғин чақмоқдан чиққан, бошқа факт йўқ. У ёққа оёқ қўёлмайсиз, қайиқ билан боролмайсиз. Қамишзорга фақат вертолёт қўниши мумкин. Биров четдан туриб камондан оловли ўқ отмагандир?! Қамиш учидаги момиқ пўпанаклар жуда тез ёнади, учқун чиққандан сўнг шамол таъсирида олов бирданига ёйилиб кетган”, – деб жавоб берган Собиров 8 июлда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган матбуот анжуманида.

Бу кўл турли қушларнинг ватани саналади. У ерни 240 дан ортиқ турдаги қушлар қаторида фламинго ҳам макон қилган.

Судочье кўллар тизимида Ўзбекистон қизил китобига киритилган 40 турдаги қушнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотининг «Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг қизил рўйхати»га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди.

Ўтган асрнинг 60 – 70-йилларигача Судочье кўли соҳилидаги Урга қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли балиқчилик билан шуғулланган.