Биринчи президент Ислом Каримов ҳақида ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Олов тутган одам” номли романи чоп этилди.

Бу биринчиси эмас: бундан аввал ёзувчи Акбар Мирзо Каримовга уч китобдан иборат трилогия бағишлаган.

Луқмон Бўрихон Каримовнинг президентлик даври ҳақида ёзмаган. Асарда Каримов Қашқадарё вилоят компартияси биринчи котиби вазифасида ишлаган даврдан бошлаб ЎзССР компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинлангунга қадар бўлган давр ҳақида ҳикоя қилинади.

"Ислом Каримов 1986 йили иқтисодий ва ижтимоий жабҳада энг қолоқ ҳудудлардан бирига айланиб қолган Қашқадарёга юборилади. Ислом Каримов олдида мушкул вазифа турар эди: у одамлардаги тушкун кайфиятга барҳам бериши, халқнинг ишончини қозониб, уларда ёруғ кунларга умид уйғотиши лозим эди. Вилоятнинг аввалги раҳбарлари даврида “пахта иши” бўйича жазога тортилган хонадонларга бошқаларнинг ҳатто яқинлашиши ҳам тақиқланган эди. Улардан фарқли равишда, Ислом Каримов адолатсизлик қурбони бўлган оилаларга яқиндан доимий ёрдам кўрсатди", дейилади китоб ҳақида ёзилган тақризда.

Китобда ёзилишича, Марказда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларини бирлаштириш таклифи қизғин муҳокама этилаётган бир вақтда Каримовнинг вилоят компартияси биринчи котиби вазифасига тайинланиши Қашқадарёнинг алоҳида вилоят сифатида сақлаб қолинишига сабаб бўлган.

Асарда Каримовнинг Қашқадарёдаги раҳбарлиги республика раҳбарлигига эришиши учун трамплин вазифасини бажарганлиги таъкидланади.

Муаллиф бош қаҳрамон портретини талабчан ва масъулиятли раҳбар сифатида чизги бериш билан чекланмай, шахс ва инсон сифатида ҳам кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Луқмон Бўрихон китобхонларга "Жазирамадаги одамлар" романи билан яхши танилган. Шунингдек, адибнинг "Темирйўл", "Қуёш ҳали ботмаган", "Аёл кўз ёшларга ишонмайди", "Сирли муаллим" каби асарлари чоп этилган.