Канн халқаро кинофестивали доирасида ўтказилган Entr2 Marches ("2 қадам оралиғида") қисқа метражли филмлар фестивалида ёш ўзбек режиссёри Шокир Холиқовнинг "Чой" номли филми ғолиб деб топилди. Бу Канн халқаро кинофестивали доирасида ўтказилган танловда қатнашган ва ғолиб бўлган илк ўзбек филмидир. Филмни танловга режиссёр интернет орқали онлайн топширган.

"Мен филмни танловга юборганимда Канн шаҳрида ўтказилаётган ва халқаро кинофестивалга алоқаси йўқ танлов деб ўйлагандим. Танлов ташкилотчилар мени бу Канн халқаро фестивали доирасидаги танлов эканидан хабардор қилишди ва тез кунда мукофотни юборишларини айтишди. Мукофот нима эканидан ҳозирча хабарим йўқ", – дейди Шокир Холиқов.

Бу ҳақида Шокир Холиқовга танлов ташкилотчилари хабар берган. "Чой" филми 3000 томошабин йиғилган саройда намойиш этилган. Танловга 26 дақиқадан ошмаган, француз тилидаги субтитри мавжуд, ногиронлар ҳақидаги филмлар қабул қилинган.

Танловда "Чой" филми намойиш этилди. Фото: Шокир Холиқов.

Режиссёрнинг ушбу филми Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Бразилия, Россия, АҚШ, Македония каби мамлакатларда бўлиб ўтган қисқа метражли филмлар халқаро фестивалларида ҳам гран-при ва қатор номинацияларни қўлга киритган.

Танлов жараёни. Фото: Шокир Холиқов.