Юз минглаб, балки миллиондан ортиқ мусулмонлар жиноят қилмасдан ёки маҳкамага тортилмасдан Хитойдаги йирик қамоқхоналарда ушлаб турилибди. Би-би-си ғарбий Шинжон бўлгасидаги ана шундай жамлоқларга киришга изн олди.

Хитой ҳукумати бу каби лагерлар борлигини олдин инкор қиларди, энди эса уларнинг экстремизм билан курашувчи мактаб эканини айтмоқда.

Хитой бу каби йирик хавфсизлик мажумасида юз минглаб мусулмонларни ушлаб турганини рад этарди.

Бироқ энди унга саёҳат ташкил қилмоқда.

Мақсад – бу одамлар маҳкум эмас, балки миясини ювиш учун ўз истаклари билан келган талабалар эканини кўрсатиш.

Би-би-си мухбири Жон Садуорт лавҳасини томоша қилинг.

БМТ, Шинжон ва уйғурлар

Ўтган йил август ойининг бошида мазкур масалани кўриб чиқиш давомида БМТнинг Ирқий камситишга барҳам бериш қўмитаси Уйғур автоном региони расмий Пекин томонидан «оммавий тарзда ҳибсга олинганлар тутиб туриладиган лагерга ўхшаш ҳудудга айлантирилгани»га ишора қилувчи ишончли ҳисоботлар бор эканини айтган эди.

Хитой бу даъвога уйғурлар тўлиқ фуқаролик ҳуқуқларига эгалигини «яна бир бор» эслатиш билан жавоб қайтарган. Бироқ расмий Пекин «диний экстремизм тузоғига тушиб қолганлар… қайта жойлаштирилиши ва қайта тарбияланиши лозим»лигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари, хусусан, Amnesty International ва Human Rights Watch БМТ қўмитасига уйғурларнинг оммавий ҳибсга олиниши ҳужжатлаштирилган ҳисоботларни тақдим этган.

Уларга кўра лагерларда тутиб турилган уйғурлар Хитой раиси Си Цзинпинга содиқ бўлиш учун қасам ичишга мажбурланади.

Жаҳон уйғур конгресси ўзининг ҳисоботларида уйғурлар лагерларда бирор айбловсиз тутиб турилиши ва Хитой коммунистик партияси шиорларини бор овозда айтишга мажбурланишини кўрсатиб ўтади.

Конгресс ҳисоботида қайд этилишича, ҳибсдагилар тўйиб овқат ейиш имконидан маҳрум, лагерларда қийноқлар кенг тарқалган.

Шунингдек, аксар маҳбусларга бирор айблов қўйилмагани ва улар қонуний вакил хизматидан фойдалана олмаслиги иддао қилинади.

БМТнинг ушбу ҳисоботи Хитойнинг бошқа ҳудудларида диний зиддият кучаяётган бир вақтда эълон қилинди.

  • Уйғурлар асосан Хитойнинг Шинжон вилоятида яшовчи мусулмон этник озчилигидир.
  • Улар вилоят умумий аҳолисининг 45 фоизини ташкил қилади.
  • Шинжон расман автоном регион ҳисобланади, аммо, йилларки, ҳукумат томонидан босим ва қатағонга учраб келади.
  • Ўтган бир неча ойдан буён Шинжон вилоятида уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликлар янада кўпроқ ҳибсга олинаётгани тўғрисидаги хабарлар тўхтамаётир.

Бу ҳибслар Хитой ҳукумати томонидан диний экстремизмга қарши кураш ниқоби остида олиб борилаётгани айтилади.