30 апрелда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қорақум чўлида Хавфсизлик кенгашининг сайёр йиғилишини ўтказган.

Учрашув жойига президент вертолётда ва 6 ғилдиракли йўлтанламас машинада борган. Йиғилишдан кейин эса Хавфсизлик кенгаши аъзолари ҳамроҳлигида квадроциклда сайр қилган.

Асли касби стоматолог бўлмиш президент кўп қиррали истеъдод соҳибидир. Маҳоратли чавандоз ва спортчи бўлишдан ташқари, президент шеър ёзади, мусиқа басталайди ва ҳатто автопойгаларда қатнашади. Яқинда у тойчоғи Ровочга бағишлаб рэп ҳам айтган эди.