5-10 апрель кунлари Ўзбекистонда биринчи марта халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади.

Бу нега муҳим: Бахшичилик санъати шу пайтгача маҳаллий доирада қолиб келаётган эди. Термизда биринчи марта мазкур йўналишда халқаро фестивалнинг ўтказилиши бахшичилик санъатидан дунёни хабардор қилиш ва бу орқали кўпроқ сайёҳларни Ўзбекистонга чақириш имконини беради.

Бахшичилик санъати фестивали баҳонасида Фаёзтепа, Кампиртепа, Султон Саодат ёдгорликлари, Ҳаким Термизий мақбараси қайта таъмирланди.

  • Фестивалга 86 та давлатдан иштирокчилар таклиф этилган.
  • Хорижлик меҳмонларга Термиз давлат университети ўқитувчилари ва талабаларидан ташкил топган 100 нафар (90 нафари инглиз ва 10 нафари немис тилида) таржимон хизмат кўрсатади.
  • Танлов ғолиблари диплом, ҳайкалча ва пул мукофоти (1-ўринга 10 000, 2-ўринга 7000, 3-ўринга 5000 АҚШ доллари) билан тақдирланишади.
  • Ижрочилар “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, ”Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ҳам пул мукофоти ва махсус диплом билан тақдирланишади.
  • Меҳмонларга, шунингдек, 123 нафар гид, 70 нафар меҳмонхона ходими, 250 нафар официант, 68 нафар ошпаз, 70 нафар техник ходим хизмат кўрсатади.

Фестиваль иштирокчилари учун ўзбек, инглиз ва рус тилларида 37 турдаги туристик масканлар буклетлари, бахшичилик санъатига бағишланган рисола ва Термиз шаҳрининг сайёҳлик харитаси тайёрланган.