Давлат хизматлари агентлиги авторақамлар беришнинг мутлақо соддалаштирилган ва коррупциясиз механизми жорий этилаётганини иддао қилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамасига автомототранспортларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг янги механизмини белгилаб берувчи ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилган.

Лойиҳа ўзгаришларсиз қабул қилинса:

  • автомототранспортни давлат рўйхатидан ўтказиш ва авторақам бериш хизмати тажриба тариқасида 2019 йил 1 майдан бошлаб Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали кўрсатилади.
  • Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва хориждан келтирилган янги автомототранспорт ва олди-сотди шартномаси асосида мулкдори ўзгарган иккиламчи автотранспортлар ДХМда рўйхатдан ўтади.

Автотранспортни рўйхатдан ўтказиш учун фақатгина паспорт ва мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳужжати (автосалонлардан бериладиган ҳисоб-маълумотнома, божхона декларацияси ёки олди-сотди шартномаларидан бири) тақдим этилади, холос.

Хизмат кўрсатиш вақти – атиги 1 соат.

Лойиҳа ташаббускорларининг иддаосича, бу жараёнда аҳолини қийнайдиган асосий икки муаммо – бюрократия ва коррупцияга барҳам берилади.

  • Эндиликда автотранспортни давлат рўйхатидан ўтказишда автотранспортларни кўздан кечириш, техник кўрикдан ўтказиш талаб этилмайди.
  • Агентлик автотранспортни кўздан кечирмасдан рўйхатдан ўтказади.
  • Авторақамлар ҳам коррупциянинг олдини олиш мақсадида махсус электрон тизим орқали инсон омилининг аралашувисиз тўлиқ автоматик тарзда танлаш орқали тақдим этилади.

Ҳар бир рўйхатдан ўтказилган рақамлар марказ биносидаги йирик интерактив экранда очиқ кўринишда акс эттирилади ва реал вақт режимида янгиланиб борилади.

Худди шунингдек, аукцион орқали бериладиган авторақамлар тоифасига кирмайдиган айрим харидоргир рақамларни (жумладан, “кўзгу” шаклидаги, масалан 212, 343, 717 ва ҳоказо) орттирилган ставкада тақдим этиш назарда тутилмоқда.

  • Бунда ҳам коррупцион хавфни ноль даражагача камайтириш мақсадида ушбу тоифадаги рақамлар ҳам қўшимча тўлов эвазига автоматик тарзда электрон тизим орқали танлаш йўли билан берилади.