Австралия бош вазири Скотт Моррисон Крайстчёрч ҳужуми ортидан ижтимоий тармоқларга глобал чекловлар қўйиш чақириғи билан чиқди.

Сабаби нима?

Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлар ҳужум чоғида жонли эфирни блоклай олмагани туфайли танқидга нишон бўлмоқда. Крайстчёрчга ҳужум қилган шахс ўз қилмишини 17 дақиқа мобайнида "Facebook"да жонли кўрсатиб турган эди. Олинган видео тармоқдан олинган бўлса-да, YouTube ва Twitter каби бошқа платформаларда тарқалиб кетишга улгурган.

"Facebook"нинг маълум қилишича, ўша видеонинг 1,5 миллион нусхаси биринчи куннинг ўзида тармоқдан ўчирилган, 1,2 миллиони тармоққа юкланаётгандаёқ блоклаб қўйилган.

"G20"га раислик қилаётган Япония бош вазири Шинзо Абега йўллаган мактубида жаноб Моррисон "G20"нинг навбатдаги йиғилишида ижтимоий тармоқлар масаласини кун тартибига киритишни сўраган.

Буюк Британия ички ишлар вазири Сожид Жовид ҳам ижтимоий тармоқлар компанияларини экстремизмга йўл очиб бермасликка чақирган.

Скотт Моррисон "Twitter"да эълон қилинган мактубида интернет технологияларининг террор ҳужумларидаги тизгинсиз ролидан хавотир изҳор қилган. “Интернетга бошқарилмайдиган ҳудуд сифатида ёндашишни қабул қилиб бўлмайди”, – деган у.

“Технология компаниялари одамларга хизмат кўрсатади, бундан фойда ҳам олади. Улар ўша одамларни ҳимоя қилишга ахлоқан бурчли ва глобал ҳамжамият уларни шу бурчни ўташга ундаши зарур”, – деган бош вазир.