Туркия суди мамлакатда ҳарбийларнинг «Эргенекон» деган махфий ташкилоти ҳеч қачон бўлмаган деб топди, 2000-йилларда Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) бу ташкилотни тўнтаришга тайёргарликда айблаган эди. «Эргенекон» иши бўйича судланганларнинг ҳаммаси, жами 235 киши оқланди – уларнинг тўрттаси умрбод қамалган эди.

Такроран ўтказилган Истанбул ҳокими сайловидаги мағлубиятдан сўнг суднинг бу қарорини АТП учун иккинчи йирик мағлубияти дейиш мумкин. Мамлакатда ўтказилаётган қатағонларни АТП йиллар давомида айнан «Эргенекон»га қарши кураш орқали оқлаб келган.

Бир қути граната – жиддий сабаб

«Эргенекон» махфий ташкилотининг «фош этилиши» расман 2007 йилнинг июн ойида полиция Истанбулнинг Умранийа туманидаги квартиралардан бирида 27 та граната топганидан бошланган. Бу тергов бошланишига туртки бўлди ва тез орада бир гуруҳ ҳарбийлар ўша вақтда парламент республикаси бўлган Туркиядаги ҳукмрон АТПга қарши уюштириладиган террористик актда гранаталардан фойдаланишни режалаштиргани аниқланди. Партияга Ражаб Тоййиб Эрдўғон раҳбарлик қиларди, айни пайтда у ҳукумат раиси – давлатнинг биринчи одами ҳисобланарди.

Ҳукумат қама-қамаларни бошлади – биринчи навбатда амалдаги сиёсий тузумнинг ашаддий танқидчилари ҳибсга олинар эди. Барча туркларнинг афсонавий ватани номи билан аталадиган ўта миллатчи «Эргенекон» яширин ташкилотининг фитнаси фош этилгани маълум қилинди. «Терактга мўлжалланган гранаталар» топилганидан сўнг тўрт йил ичида бир неча марта ялпи қамоққа олишлар бўлиб ўтди. Расмий маълумотга кўра гўё 200 га яқин киши – сиёсатчилар, жамоат арбоблари, журналистлар, адвокатлар, университет муаллимлари, истеъфога чиққан ва амалдаги ҳарбийлар, полициячилар «Эргенекон» аъзоси бўлишган. Улар ҳукуматни ағдариш учун «фитна тайёрлашган», «халқни исёнга ундашган», «террористик фаолият билан шуғулланишган». Мазкур иш фигурантларига жиноят кодексининг 11 та моддаси бўйича айб эълон қилинган.

Қамоққа олинганлар орасида истеъфодаги уч генерал: Вали Кучук (Veli Küçük), Шенер Эруйгур (Şener Eruygur) ва Хуршид Толон (Hurşit Tolon), турк парламентининг икки мухолиф депутати ва ёзувчи Эрол Мутаржимлар (Erol Mütercimler) ҳам бор эди. Ҳукуматпараст «Sabah» газетаси ташкилотнинг «расшифровка қилинган» ҳужжатларини эълон қилди, кейинчалик улардан далил сифатида фойдаланилди. Ҳукуматпараст журналистларнинг маълум қилишича фитнага генерал Кучук бошчилик қилган.

Айни вақтда мухолифат ҳукумат «Эргенекон» ишини сохталаштириб, мухолифатни кучсизлантириш учун ўзгача фикрловчи кишиларнинг овозини ўчириш билан шуғулланаяпти деган баёнот билан чиқди. Беш йил давомида – 2012 йилгача турк ҳукумати «Эргенекон»дан одамларни қўрқитадиган «олабўжи» сифатида фойдаланиб келди. Масалан, мустақил журналистлар Аҳмет Шик (Ahmet Şık) ва Надим Шенер (Nedim Şener) «Эргенекон»га алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди. Лекин қамоқда бир йилдан сал кўпроқ ўтиргач суд ҳукми билан озод қилинди. Суд буни жиноят даражасининг қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли ва журналистлар қамоқда ўтирган муддат ҳисобга олингани билан изоҳлади. Туркия бош вазирининг ўринбосари журналистларнинг озод қилинишини олқишлаб, телечиқишида «узоқ вақт қамаш жазога айланиб кетмаслиги керак» деди. Аҳмет Шик қамоққа олингунга қадар Туркияда таъқибга учраб АҚШнинг Пенсилвания штатида яшаётган мусулмон уламо Фатҳулла Гюлен издошларининг турк полицияси сафларига кириб олишлари ҳақида китоб ёзган эди. Журналист қўлга олингач унинг барча қўлёзмалари мусодара қилинган. «Milliyet» кундалик газетаси мухбири бўлган Шенер эса 2007 йили арман журналисти Грант Динкнинг ўлдирилиши ҳақида кўп ёзган. Шенер Туркия ҳукуматини ушбу воқеага алоқадор деб гумон қилган.

Ёппасига ҳибсга олишларнинг асил сабаблари

Ўтган йиллар мобайнида «фитналарни тергов қилиш» Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партияси учун мухолифатнинг овозини ўчиришнинг энг қулай усулига айлангани маълум бўлди. Хусусан, сохталаштирилган «Эргенекон» иши шундай ишларни бошлаб берди. Масалан, 2016 йилнинг ёзида бўлган «давлат тўнтаришига уриниш»дан кейин ҳам жуда кўп – ўн минглаб одамлар қамоққа олинди. 2007 йилги қамоққа олишлар бунинг олдида ҳолва бўлиб қолди.

Эрдўғоннинг партияси Туркияда 2002 йили ўтказилган парламент сайловида ғалаба қозонгач ҳокимиятга келган – ҳарбийлар бунга қўйиб беришган. Туркия республикаси пайдо бўлганидан бери ҳарбийлар мамлакатда муҳим рол ўйнайди. Ҳукумат ёқмай қолса улар ҳар доим тўнтариш уюштириб келишган. Охирги ҳарбий тўнтариш 1997 йилнинг июнида бўлган. Тўғри, у тинч йўл билан амалга оширилган – армия ҳукумат бажаролмайдиган 20 та талабни илгари сурган, ҳукумат олдида иккита йўл бор эди: ё ҳарбийлар уни ағдаради, ё унинг ўзи истеъфога чиқади. Айтиш жоизки, армия ҳамма вақт Камол Отатурк давридаёқ шаклланган «Туркия – дунёвий давлат» тамойилига риоя этишга ҳаракат қилган.

АТП ҳокимиятга келгач аста-секин ислом динини миллий ғоя сифатида ёйиш ва Усмонлилар империяси соғинчидан ўз мақсади йўлида фойдаланишни бошлади. Ушбу ҳолатда ҳарбийларнинг бунга қарши чиқиши тайин эди. Бунинг устига Эрдўғон партиясининг сиёсатини сўл қарашга эга ҳар хил нашрлар қизғин танқид қилиб келишди – Туркия республикага айланганидан бери вақти-вақти билан қатағон қилиб турилса-да мамлакатда етарлича қудратга эга мухолиф ҳаракатлар шаклланган. Шу тариқа Эрдўғонга қарши сўл жамоатчилик ва ҳарбийлардан иборат ажойиб посанги ҳосил бўлган. АТП афтидан уларни доғда қолдиришга қарор қилган кўринади. Шунинг учун «Эргенекон» иши ўйлаб топилган.

Ички ишлар органлари бирйўла Эрдўғоннинг собиқ сафдоши, унинг ғазабига учраб АҚШга кетишга мажбур бўлган Фатҳулла Гюлендан ҳам қутулиш учун махфий ташкилот Гюленга алоқадорлигини маълум қилишди.

2012 йили Туркия суди 235 кишини «Эргенекон» ишида қатнашганликда айблаб турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди, шундан тўрт киши умрбод қамалди.

Энди эса суд ҳеч кутилмаганда ҳеч қандай махфий ташкилот бўлмаган деб ҳукм чиқариб, жиноят ишининг барча фигурантларини оқлади.

Афтидан турк сиёсий системаси ичида чуқур ўзгаришлар юз бермоқда. Бир вақтлар Эрдўғоннинг ўзи бежиз «Истанбулни ким бошқарса мамлакатни ҳам бошқаради» демаган кўринади. Истанбулдаги сайловда Эрдўғон партияси Республика халқ партиясига (CHP) ютқазган эди.

Александр Рибин