8 август куни янги турдаги двигателни синовдан ўтказиш чоғида Северодвинск шаҳридаги кемада портлаш юз берди. Россия мудофаа вазирлиги хабарига қараганда суюқ ёнилғида ишловчи реактив двигател портлаган. «Ведомости» нашри ўз манбасига таяниб хабар беришича, портлаш Россия ҲДК тасарруфидаги кема ракетаси двигатели синовдан ўтказилаётганда содир бўлган.

Бир нечта киши (икки ёки учта, ҳар хил маълумот берилмоқда) ҳалок бўлди, 15 киши жароҳатланди, шундан олтитаси оғир жароҳат олган. Бу олтовлон дарҳол санитар авиацияси самолётида Москвага жўнатилган.

Жароҳатланганларга иккита ташхис қўйилаяпти:

  • Биринчиси аниқ: портлаш туфайли етказилган оғир жароҳатлар, бундай жароҳатни одам портлаш жойига яқин турганда олади.
  • Иккинчи ташхис: радиацион нурланиш.

Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, портлашдан сўнг Архангелск вилоятидаги радиацион вазият меъёридагидек қолмоқда. Лекин Северодвинск маъмурияти маҳаллий вақт билан 11:50 да нурланиш кўрсаткичи қисқа муддат ошганини маълум қилди.

Мудофаа вазирлигидаги бир неча манбанинг сўзларига кўра ярадорлар шифохонага ётқизилганидан сўнг дарҳол уларнинг барча кийимлари ёқиб юборилган. Кимёвий ҳимоя костюмлари ва жабрланувчиларга биринчи бўлиб ёрдам кўрсатган шифокорларнинг кийимлари ҳам шу тариқа йўқ қилинган.

Бу Мудофаа вазирлиги объектларида охирги ойларда юз берган учинчи йирик фавқулодда ҳодисадир. 1 июл куни Баренц денгизида Россия ҲДФнинг сувга чуқур шўнғувчи аппаратида юз берган ёнғин туфайли 14 денгизчи ҳалок бўлди. 5 август куни Краснояр ўлкасидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ўқ-дори омборида ёнғин юз берди; бир киши ҳалок бўлди, 16 минг киши кўчирилди.