Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада ўтказилган энг катта ва батафсил тадқиқот натижаларига кўра араблар орасида динсизлар кўпаймоқда. Арабларнинг аёл ҳуқуқи, миграция ва жинсийлик (sexuality) каби масалаларга муносабати ҳам ўзгара бошлаган.

Arab Barometer тадқиқот маркази ўтказган сўровда 2018 йил охири ва 2019 йил баҳор ойларида 10 та мамлакатдан 25 мингдан ортиқ одам қатнашган.

Араблардаги жараёнлар биз учун нега муҳим: ўзбек жамияти тобора "яқиншарқлашаяпти". Яъни, иқтисодий тузилиши, демографияси ва фикрлаш тарзига кўра Марказий Осиё Шарқий Европа ёки Африка эмас, айнан Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасига ўхшашдир. Шунинг учун у ерда бўлаётган (ижобий ва салбий) жараёнлар ўзбек жамиятига ҳам таъсир қилмоқда. Келажакда бу таъсир фақатгина кучайиши кутилаяпти.

Тадқиқотнинг қуйидаги айрим натижалари ўзбек жамиятидаги кайфиятлар ҳақида ҳам озгина тушунча беради.

Араблар орасида динга бефарқлар кўпаймоқда

2013 йилдан бери Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида ўзни "диндор эмас" деб ҳисоблагувчилар сони 8 фоиздан 13 фоизга ортган. Тадқиқотга кўра айниқса 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида (18 фоизи) ўзини диндор эмас деб ҳисоблайдиганлар кўпайган. Араб давлатлари орасида фақат Яманда динсизлар сони камайган, қолган барчасида ўсган.

Араблар аёллар сиёсат билан шуғулланишига қарши эмас

Араб давлатларида кўпчилик аёллар сиёсат билан шуғулланишига қарши эмас. Аёл бош вазир ёки президент бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Фақат Жазоирда сўралганларнинг 50 фоиздан камроғи аёллар давлат раҳбари бўлишига хайрихоҳлик билдирган.

Лекин оилавий масалаларга келганда кўпчилик, хусусан кўпчилик аёллар ҳам оилада эркак якуний қарор қабул қилиши керак деб ҳисоблайди. Фақатгина Марокашда 50 фоиздан камроқ одам якуний қарор эркакники бўлиши керак деган фикрда.

Трамп Путинга ютқазди, лекин иккисидан ҳам Эрдўғон ўтиб кетди

Сўровда Эрдўғон, Путин ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича юритаётган сиёсати ҳам солиштирилган. Қатнашчилар АҚШ президентининг сиёсатини охирги ўринга қўйишган. Аксинча, респондентларнинг ярмидан кўпроғи Туркия раҳбарининг сиёсатига хайрихоҳлик билдирган. Ливан, Ливия ва Миср Россия президентини Эрдўғондан устун кўрган.

Араблар "суриш" илинжида

Ҳар бешта арабдан биттаси мамлакатидан кетмоқчи. Суданда аҳолининг ярми муҳожир бўлишга тайёр. Муҳожирликка асосий сабаб сифатида иқтисодий қийинчилик айтилган. Европа араблар учун ҳамон энг исталган манзил, лекин АҚШ ва Канаданинг аҳамияти ҳам ошган.

Исроил "катта шайтон", АҚШ "кичик шайтон", Эрон ҳам улардан қолишмайди

Яқин Шарқ ва Шимолий Африка учун хавфсизлик масаласи ҳамон иқтисодий масалалардан устун келмоқда. Сўровларда минтақанинг барқарорлиги ва миллий хавфсизлиги учун энг катта таҳдид деб Исроил ва АҚШ эътироф этилган. Эрон учинчи ўринда келмоқда.

Chart showing that Israel is considered the greatest foreign threat by most areas, followed by the United States.