АҚШ президенти Доналд Трамп Япония армияси АҚШнинг бутун Осиёда таъсир кучини оширишига умид қилишини айтган.

Трамп Япониянинг сувости кемаларини овлашга мўлжалланган вертолётларни ташувчи энг катта “Кага” авиаташувчи кемасини кўргани борган. Бу кемани тик қўнувчи жетлар ва F-35 қирувчи учоқларини ташишга ҳам мослаштириш режаланган. У ўз таъсир ҳудуди ҳисобловчи Жанубий Хитой денгизини кесиб ўтиб, Ҳиндистонга борган.

"Кага" ва "Изумо" кемаларини янгилаш АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига минтақада кучли дастак бериши мумкин.

Тўрт кунлик давлат ташрифи билан Японияга келган Трамп Вашингтон Япониянинг мудофаа салоҳиятини кучайтиришга, Америка ҳарбий техникаси билан таъминлашга ёрдам беришини таъкидлаган.

Япония 42 та "F-35"га буюртма бергани, унга яна 45 та қўшишини маълум қилган. Хитой ҳарбий кучларидан илғорроқ армияни истаётган бу давлат 150 та энг замонавий қирувчи учоқлардан иборат ҳарбий ҳаво кучларини яратмоқчи.

  • Япония бош вазири Синдзо Абэ 2012 йили ҳокимиятга келгандан буён мудофаа харажатларини кескин оширган. У ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қабул қилинган хартияни ўзгартириб, япон ҳарбий кучлари мавжудлигини тан олишга ҳаракат қилмоқда.

Японияда ҳарбий кучлар мавжудлиги тан олинмайди. Борлари ҳам шунчаки мудофаа кучлари ҳисобланади. Шу боис япон ҳукумати ҳужумкор ҳарбий қуроллар сақлаши, армияни ҳужумга тайёрлашини очиқ тан ололмайди. Ушбу конституцион тартиб ўзгартирилса, мамлакатнинг кенг қамровли қуролланиши учун йўл очилади.

  • Шу кунгача Япония АҚШ ҳарбий кучлари ҳимоясига ишониб келган. Аммо минтақада Хитой таъсирининг ортиши ва Шимолий Кореядан бўлаётган таҳдидлар унинг тинчлик сиёсатини ўзгартиришга мажбур қилиши мумкин.

АҚШ эса Хитой билан жануби-шарқий Осиёдаги манфаат тўқнашувида ўзига кучли иттифоқчи истайди. АҚШнинг қолган иттифоқчилари асосан Европада бўлиб, Ҳинд океанида Япониядан бошқа қудратли, ишонса бўладиган ҳамкори йўқ.

АҚШ-Хитой савдо уруши авж палласига чиққан ҳозирги вақтда Трампнинг Японияга сафари ва уни ҳарбий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириши Хитойга берилган огоҳлантирув ишораси бўлиши мумкин.