Америка ҳарбий разведкаси Россия кичик қувватдаги ядро қуролларини ядро синови бўйича халқаро мораторий талабини бузган ҳолда синовдан ўтказаётган бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда.

“АҚШ Россия ядро қуроллари синовини ўтказиш мораторийсига амал қилмаяпти деб ҳисоблайди", – деб баёнот берди Пентагон ҳарбий разведкаси бошлиғи Роберт Эшли. Унинг айтишича, бу ҳақда бошқа разведка ва таҳлил марказларида ҳам маълумот бор.

Россия Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раиси Владимир Шаманов генерел-лейтенант Эшлининг баёнотини “масъулиятсизлик” деб атаган. Унинг айтишича, ҳозирги пайтда ядро қуроли синовини яширинча ўтказишнинг умуман иложи йўқ.

Америкалик таҳлилчиларнинг тахминига кўра Россия синовларни шимолий қутб доирасида жойлашган Янгиер оролида ўтказмоқда.

Биз жаннатга тушамиз, улар қирилиб кетишади

Россия ҳукумати ҳарбий қуролларнинг янги авлодларини яратиш устида ишлаётганини бир неча марта таъкидлаган. Аммо бирор марта ҳам ядро қуроллари синови ҳақида гапирмаган.

2018 йили йиллик мурожаатида президент Путин “Сармат” қитъалараро оғир ракеталар комплекси синови ҳақида гапирган эди.

2018 йилнинг кузида Путин Москва ўзига ҳужум бўлишига аниқ ишонсагина ядро қуролини ишлатиши мумкин деганди.

“Агрессор билиши керак, жавоб муқаррардир, у барибир йўқ бўлади. Биз эса агрессия қурбони, мазлум сифатида жаннатга тушамиз, улар шунчаки ўлиб кетади. Улар ҳатто афсусланишга ҳам улгуришмайди”, – деган Путин Сочидаги “Валдай” форумида.

Эски шартномалар, янги айбловлар

Яқин ва ўрта масофага учувчи ядровий ракеталар ҳақидаги Совет-Америка шартномалари бузилаётгани ҳақида Доналд Трамп президент бўлгач Москва ҳам, Вашингтон ҳам бир-бирини айблай бошлаган. Оқибатда АҚШ ҳам, Россия ҳам амалда шартномалардан чиқиб бўлишди, ракеталарни жойлаштиришга йўл очишди.

Ядро қуроллари синовини бутунлай тақиқлаш тўғрисида БМТ Бош ассамблеяси 1996 йили шартнома қабул қилган. АҚШ президенти унга имзо чеккан, аммо Конгресс ратификация қилмаган. Россия эса 2000 йилда ратификация қилган.

АҚШ 1992 йили ядро синовлари ўтказишни тўхтатган.