Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган президент қарорининг лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) тайёрлаган ҳужжатдан кўзланган мақсад давлат ва жамият бошқаруви органларини халққа яқинроқ қилиш, жамоатчиликка тезкор, холис ва тўлақонли ахборот етказиш.

Қарор ўзгармасдан қабул қилинса, АОКАнинг мавқеи анча ошиши кутилмоқда.

Хусусан, АОКА қуйидаги ваколатларга эга бўлади:

  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларининг раҳбарлари ва бошқарув ходимлари, чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ахборот иши бўйича маслаҳатчилар АОКА билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва матбуот котиблари ҳар чоракда агентликка ҳисобот тақдим этади;
  • Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, республика вазирликлари ва идоралари томонидан қабул қилиниши режаланган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг, шунингдек, ташкилий чора-тадбирларни ёритишнинг агентлик билан олдиндан келишиш тартиби ўрнатилади;
  • ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган "аҳолининг кенг қатламига салбий таъсир кўрсатувчи маълумотлар"ни аниқлайди ва тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларига муносабат билдириш учун юборади;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматлари ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш, жумладан, давлат мукофотларига тавсия этиш чораларини кўради.

Чет элдаги элчихоналар ҳам "хорижий ишбилармонлик доиралари, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари ўртасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бизнес учун яратилган қулай шароитлар тўғрисида кенг маълумот бериш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилган ишлар натижалари" бўйича ҳар чорак агентликка ҳисобот тақдим этади.

Ҳужжат билан ахборот хизмати раҳбари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва бошқа ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиши ҳамда ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлиши, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра давлат органи ва бошқа ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилиши кўзланган.

Ахборот хизматлари ходимлари бир йилда камида бир марта чет элда стажировка ўтайди.

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида жамоатчилик билан алоқалар бўйича янги факултет ҳамда матбуот котиби тайёрлаш бўйича магистратура очилади.