Бош прокуратура Андижондаги кўзбўямачилик бўйича зудлик билан айбдорларни жазолашни ва бу каби ҳолатларга чек қўйишни Андижон вилояти ҳокимидан талаб қилди. Бу ҳақда 14 июнда АОКАда ўтган брифингда идора мутасаддилари маълум қилган.

Бош прокуратура Андижон шаҳрида бир неча аёл бепул коттеж олгани ҳақида интервю беришга мажбурлангани юзасидан ўрганиш олиб борган.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича:

  • муҳтожларни уй билан таъминлаш мақсадида Андижон вилояти Хўжаобод тумани Хўжаобод массивида 2 сотихли 592 та коттеж қурилган;
  • феврал-март ойларида вилоят ҳокимлигининг масъул шахси (кимлиги айтилмаган) «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖнинг уйга муҳтож 6 ишчисига (Х.Тиллаева, М.Раҳимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова, З.Абдувалиева ва Д.Ҳожиматова) шу ҳудудда қурилаётган коттежлардан берилишини айтган;
  • кейинчалик «Ўзбекистон 24» телеканали орқали 2019 йил 31 март, 3 май ва 16 май кунлари ишчиларга совға сифатида коттеж берилгани ҳақида лавҳалар кўрсатилган, 16 май куни улар оила аъзолари билан бирга коттежларга киритилган;
  • президент ташрифи доирасида фақат ишчилардан бирига (Д.Ҳожиматова) коттеж совға қилинган, ташрифдан сўнг вилоят ҳокимлиги масъул шахсининг талабига биноан қолган 5 ишчи (Х.Тиллаева, М.Раҳимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова ва З.Абдувалиева) қурилаётган 4 қаватли уйлардан хонадон ажратиш ваъда қилинган ҳолда коттежлардан кўчирилган;
  • шундан сўнг улар қатор давлат ташкилотларига мурожаат қилган, Х.Тиллаева ҳокимият алдагани ҳақидаги видеомурожаатни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган;
  • мурожаатлардан сўнг 22 майда «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖ уларнинг иш ҳақи ва корхона даромадлари ҳисобидан 4 қаватли уй учун дастлабки бадал тўловини ўтказган.

Шундай қилиб, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари 5 нафар эҳтиёжманд ишчига коттеж берилишини ваъда қилган, улардан бу ҳақда ОАВга интервюлар олишган, уй эгаси сифатида коттежларга киритиб қўйишган.

Бироқ якунда уларга коттеж ажратилмасдан, кўзбўямачиликка йўл қўйилган.

Аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мутасаддилар уни алдаганини айтган аёлни ношукурликда айблаган эди.

«Бу ерда битта хатолик ўтган булардан энди, шу уйларга олиб киришиб, мана шу уйлар сизларники деб, ҳалиги отдел кадрми, шу ерда ишлаётган гапирган. Гап кетган холос бу ерда. Лекин у қиз интервю берган бўлса, онасининг уйида интервю берди. Бу ерда ҳам онаси билан бирга яшаб келган-ку шу пайтгача у. Нима бўпти онасининг уйида интервю берган бўлса? Бунинг нима хатолиги бор? Энди чиройли кўриниб кетиб, у қизимиз ҳалиги тўқликка шўхлик деган нарсани, сизларга уч марта қайтараман. Нима ерда яшаётувдингизу, нима ерга олиб чиқаяпмиз сизни», – дея миннат қилган вилоят ҳокими.

Gazeta.uz нашрига берган интервюсида Андижон вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова кўзбўямачилик бўлганини тан олган. Бироқ, унинг гапларига кўра, аёлларни илҳомлаштириш учунгина уйлар уларники деб айтилган.