Андижон ҳокими президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташриф буюрганда уй берилди деб алданганини айтган аёлни ношукурликда айблади. Ўзбекистондаги нашрлар президент келганда алданган биргина Хуршида Тиллаева эмаслигини айтмоқда. Ҳокимнинг истеъфоси ҳақида талаблар янграмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижонга ташриф буюрган вақти 10 нафар аёлга коттеж уйлар берилгани ва кейинчалик уларнинг аксариятидан бу уйлар олиб қўйилиши можаросига вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов изоҳ берди.

Аниқроғи, Абдураҳмонов "Озодлик" радиосига видеомурожаат йўллаган Хуршида Тиллаева масаласига тўхталиб ўтди.

Ҳоким Тиллаева алданганини инкор қилмаган, ортидан аёлни ношукурликда айблаган.

"Бу ерда битта хатолик ўтган булардан энди, шу уйларга олиб киришиб, мана шу уйлар сизларники деб, ҳалиги отдел кадрими, шу ерда ишлаётган гапирган. Гап кетган холос бу ерда. Лекин у қиз интервю берган бўлса, онасининг уйида интервю берди. Бу ерда ҳам онаси билан бирга яшаб келган-ку шу пайтгача у. Нима бўпти онасининг уйида интервю берган бўлса? Бунинг нима хатолиги бор? Энди чиройли кўриниб кетиб, у қизимиз ҳалиги тўқликка шўхлик деган нарсани, сизларга уч марта қайтараман. Нима ерда яшаётувдингизу, нима ерга олиб чиқаяпмиз сизни", – дея миннат қилган вилоят ҳокими.

Газета.уз сайтига гапирган вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова кўзбўямачилик бўлганини тан олган. Бироқ аёлларга мотивация бериш учун уйлар сизларники дейилганини айтган.

"Биз «Ўздарётранс»дан уларнинг юкларини ташиб беришни сўрадик. Уйлар улар учун қурилганини айтдик. Биз уларни янада яхшироқ ишлашга руҳланлантириш учун шундай дедик", – деган Манзура Юнусова.

Олдинроқ "Дарё" нашри Андижонда уй олди дея "Ўзбекистон 24" телеканалида кўз-кўз қилинган ва кейин уйлари тортиб олинган аёллар бир нечта эканлиги тўғрисида материал тайёрлаган эди.

Кун.узнинг ёзишича, Хуршида Тиллаева ва у ишлайдиган тикувчилик цехининг яна 9 ходимига коттежлар берилиши ваъда қилинган, аммо якунда 10 кишидан фақат бир киши – Дилфуза Ҳожиматова коттежли бўлган.

Эътиборли томони, унга берилган уйга президент Шавкат Мирзиёев, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова ташриф буюрган.

Қолган аёлларга эса уларнинг иш ҳақи ҳисобидан кўп қаватли уйларга пул ўтказилгани ва шу йилнинг август ойида кўчиб чиқиши маълум қилинган.

Ўзбекистондаги онлайн нашрларда Андижондаги "спектакл" дея талқин қилинаётган бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Телеграмдаги Safari канали қуйидаги фактларга эътибор қаратган:

  • Президент ташрифи давомида Хуршида Тиллаева ва бошқа аёллар бу уй энди сизларники деб алданган, улар ишониб, "Ўзбекистон 24" репортажида иштирок этиб президентга раҳмат айтган. Аёлларга айнан ўша пайт ҳеч қандай уй берилмаган. Ташрифдан сўнг 2 хонали уйлардан берамиз дейилган.
  • "Ўзбекистон 24"нинг ўша репортажи хақиқатдан узоқ. Ёлғон маълумот тарқатилган. У уйларга умуман алоқаси бўлмаган аёлларга "мана шундай уйлар берилди" деб кенг жамоатчилик алданган. Оммавий дезинформация қилинган.
  • Президент ташрифи давомида ушбу уй-жойларга умуман алоқаси бўлмаган аёлларни ясантириб қўйиб, "мана шу аёлларга шу уйларни бердик" деб давлат раҳбари алданган.
  • Ушбу оммавий алдовларни Андижон вилояти администрацияси ва унга алоқадор ташкилотлар уюштирган.

Safari канали бу фактлар мавжуд ҳолатда, демократик давлатларда ҳоким ва бу ишга масъуллар аллақачон истеъфога чиқишига эътибор қаратган.

"У аёлларга уй бериладими йўқми бу аҳамиятсиз. Аҳамиятлиси айнан ўша куни "Ўзбекистон 24" телеканали ёрдамида ёлғон ахборот тарқатилди. Президентга ҳам нотўғри маълумот берилди. Жамоатчилик оммавий дезинфомация қилинди. Демократик тамойилларга риоя қиладиган жамиятларда одатда ушбу ҳол ҳокимдан тортиб, бу ишга боғлиқ барча масъулларнинг ихтиёрий истеъфоси билан якун топган бўлар эди", – деб ёзади у.