Андижон шаҳрида аравачага михланган 11 ёшли бола ва унинг оиласи яшаб турган уй бузилмоқда. Уйни бузишга масъул қурувчи уни Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд экспертиза маркази баҳолаган нархда сотиб олмаяпти.

  • Андижон шаҳар Навоий кўчасидаги 99-уй деярли бузилиб бўлган.
  • Ҳуснола Ашурова ногирон ўғли ва қизи билан харобалар орасида яшашга мажбур.
  • Ҳозир Америкада яшаб ишлаётган унинг турмуш ўртоғи Сардор Ашуров булдозерлар овозидан ногирон ўғлининг ороми бузилаётганини айтади.
  • Андижон шаҳрининг марказида жойлашган 99-уй шу йилнинг бошида ҳоким қарори билан бузиладиган уйлар рўйхатига тушган.
  • У ерда яшаган 14 хонадон эгалари қурувчи Sulton House фирмасининг таклифига рози бўлиб, вақтинча квартираларга чиқиб кетган.

Фирма раҳбари Фаррух Қосимовнинг айтишича, бир йилдан сўнг улар янги қурилган уйлардаги хонадонларга кўчиб киради.

Бу вақтгача уларнинг ижара пулларини Sulton House ширкати тўлайди.

Ногирон боласини парвариш қилаётган Ҳуснола ва Сардор Ашуровлар пудратчининг таклифларига рози бўлмаяпти.

Хонадон аҳлининг айтишича, уй бузилишда давом этаяпти. Бу вақтда уларнинг уйида зилзила каби силкинишлар кузатилаяпти.

Сардор Ашуров уйни бузиш орқали Ўзбекистон қонуни қўпол равишда бузилганини айтади.

Оиланинг ижтимоий тармоқларда бонг урушидан кейин можарога вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов аралашган.

13 апрель куни вилоят ҳокими уй эгасига уни баҳолашни ва қурувчига эса ушбу пулни тўлаб бериш кераклигини топширади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номли республика суд экспертиза маркази мутахассислари уйни бозор нархида баҳолашди.

Уларга кўра Андижон шаҳри марказида жойлашган уйнинг бугунги баҳоси 500 миллион сўм ёки 58 минг доллар.

Уйни бузиб қайта қуришга масъул бўлган Sulton House ширкати раҳбари Фаррух Қосимов адлия вазирлиги ҳузуридаги марказнинг хулосаларига ишонмаяпти ва тан олмаяпти.

Би-би-си Olx.uz сайти орқали Андижон шаҳридаги хонадонларнинг нархини солиштирди. Нархлар қурувчи таклиф қилаётган нархларга эмас, балки адлия вазирлиги ҳузуридаги марказ тавсия қилган нархларга яқин ва гоҳида ундан ҳам қимматроқ эди.

Андижон шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати Би-би-си сўровига уй эгасига Sulton House томонидан 17 та уй-жой таклифи берилгани, лекин Ҳуснола Ашурова уларнинг барчасини рад қилганини айтди.

Ундан ташқари ширкат ҳозирги уй ўрнида янги уй қуриб битказилгунча оиласи билан Тошкентда бир йил яшаб туриши учун ойига 250 доллардан ижара пули беришга ҳам тайёрлигини айтган.

Бироқ ҳокимият нима учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги республика суд экспертиза маркази томонидан баҳоланган нарх бўйича уй эгасига товон пули берилмаётганига ҳозирча изоҳ бермади.

Бундан ташқари фуқаролар яшаб турган уйни товон пули тўламасдан бузиш орқали Ўзбекистон қонуни бузилаётганига ҳам ҳозирча изоҳ берилмади.

Сардор Ашуров уйни 11 ёшли ногирон ўғли аравачада юришига мослаб таъмирлаганини айтади. Ширкат уй таклиф қилганда аравачада ҳаракатланадиган боласининг ҳолатини инобатга олмаган.

11 ёшли болакайнинг ақли ривожланмаяпти. Унинг хасталиги билан масофадан танишган дунёнинг турли бурчагидаги шифокорлар ҳозирча болага аниқ ташхисни қўя олишгани йўқ.

Отасининг айтишича, бузилишлар бошланганидан бери аравачага михланган боласининг уйқуси ҳам қочган.