Расмий Тошкент АҚШ 13 март куни эълон қилган жаҳондаги инсон ҳуқуқларига оид навбатдаги ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмини объектив деб ҳисоблайди. Бу ҳақда 17 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Бу нега муҳим: одатда Давлат департаментининг жаҳондаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида Ўзбекистон кескин танқид қилинар эди. Шунинг учун ҳар йили чиқадиган бу ҳисоботга Ўзбекистон ТИВ деярли ҳеч қачон муносабат билдирмаган ёки жуда кам ҳолатларда раддия билан чиққан. 2019 йилги ҳисоботда эса одатий танқид билан бир қаторда, АҚШ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати кўплаб аспектларда сезиларли даражада яхшиланганини тан олган.

АҚШ давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистонда суд жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, коррупцияга қарши кураш, қийноқларнинг олдини олиш соҳаларида олға силжиш бўлгани таъкидланган.

Ҳисоботда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳаракатлар, журналистлар ва фаолларнинг қамоқдан озод этилиши алоҳида тилга олинган.

"Human Rights Watch" ва "Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси" маълумотларига асосланиб "Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақтдан бери илк маротаба журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари қамоқхоналарда қолмагани" маърузада эътироф этилиши диққатга сазовордир", – деб ҳисоблайди ТИВ.

ТИВ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижаларни ҳукумат амалга ошираётган ислоҳотлар билан боғлайди.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини мамлакатда таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришда қатъийдир ва бундан кейин ҳам “аниқ ислоҳотлар” йўлидан боради, шунингдек, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар яхлит, барқарор ва ортга қайтмас характерга эга”, – дейилади ташқи сиёсий идоранинг ахборотида.

Умуман олганда, АҚШ ҳисоботида жаҳондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазият 2018 йилда анча ёмонлашди деган хулосага келинган. Хитойда уйғурлар масаласи, Венесуэла ва Эронда инсон ҳуқуқлари кўп бузилаётгани алоҳида таъкидланган.