Бу борада бир-бирига зид икки қараш мавжуд.

Биринчи қараш – Эрон ғараз мақсад ила тайёргарлик кўрмоқда ва АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти шу қарашни тинмай такрорлашни хуш кўради.

Оқ уй Эрон АҚШга қарши эҳтимолий ҳужумлар уюштиришга тайёрланаётганини таъкидлайди, аммо бу иддао юзасидан ҳозирга қадар аниқ тафсилотларни ошкор қилмаган.

АҚШ ўз қуролли кучларини Яқин Шарқ минтақасига яқинлаштирмоқда; Ироқдаги дипломатик миссияси ходимлари сонини қисқартирмоқда ва Вашингтоннинг ҳарбий ҳаракатлар режасини кўриб чиқаётгани хабар қилинмоқда.

Президент Трамп маъмурияти Теҳронни айнан нимадан огоҳлантираётгани равшан: Эрон бўладими ёки у минтақада дастаклаб келадиган гуруҳлар ё иттифоқчилари – АҚШга қарши ҳар қандай хуружга нисбатан жиддий ҳарбий жавоб қайтарилади.

Иккинчи қараш – юзага келаётган инқирозда Вашингтоннинг ўзи айбдор.

Ажабланарли жиҳати йўқ, Эрон айни ушбу қарашни илгари суради. Бироқ Трамп маъмуриятининг кўплаб танқидчилари ҳам айнан шундай фикрда.

Бундан ташқари, АҚШнинг Европадаги айрим муҳим иттифоқчилари ҳам жаноб Трампнинг Яқин Шарқ сиёсати бўйича турли даражада хавотир билдирмоқда.

Ушбу қарашни илгари сураётганлар президент Трамп маъмуриятининг айрим вакиллари – миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Жон Болтон ёки давлат котиби Майк Помпео – Теҳрон тузумини ўзгартиришни истамоқда, агар улар иқтисодий санкциялар иш бермаса, маълум шароитларда ҳарбий чора истисно қилинмаслигига ишонади дейди.

Юқорида тилга олинган қарашлар мавжуд воқеликнинг икки турлича талқинидир ва иккисида ҳам кўплаб нохолисликларга йўл қўйилган.

Биз юзлашиб турган воқелик шуки, АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш эҳтимоли – бироқ бундай инқирознинг олдиндан режаланмаган ҳолатлар туфайли юзага келиш эҳтимоли юқори – бугун жаноб Трамп ҳокимиятга келган ҳар қандай вақтдан кўра кучайганча қолмоқда.

Яқин Шарқда зиддиятлар яққол ортмоқда

2015 йилдаги халқаро ядро шартномасига биноан олиб ташланган, аммо кейинчалик яна жорий этилган АҚШ санкциялари Эрон иқтисодиётини ҳолдан тойдирмоқда.

Эрон эса ядро дастурини қайтадан ишга тушириш билан дунёга таҳдид қилаяпти.

Президент Трамп бир йил аввал АҚШни Эрон ядро дастурини тизгинлаш бўйича эришилган халқаро битимдан чиқариб олган ва Теҳронга қарши кенг кўламли босим ўтказиш сиёсатини бошлаган эди.

Эрон эса Европа давлатларини ўзига иқтисодий кўмак кўрсатишга ундамоқда, агар улар мамлакатнинг чўкиб бораётган иқтисодиётини сақлаб қолиш чорасини кўрмаса ядро битимини бекор қилишини таъкидламоқда.

Бундай ҳолат фақат президент Трамп маъмурияти манфаатига ишлаши мумкин.

Эндиликда кўп нарса Оқ уй ичида давом этаётган муҳокамалар ва режаларга боғлиқлигича қолмоқда.

Халқаро матбуотда кетма-кет эълон қилинаётган мақолалардан президент Трампнинг урушга рўйхушлиги йўқлигини англаш мумкин, лекин унинг ҳукумати аъзолари бу борада якдил фикрга кела олмагани ҳам кўринади.

Қудратга келгандан бошлаб жаноб Трамп хориждаги АҚШ ҳарбий ҳаракатларини дастакламаслиги билан маълум. Бироқ АҚШ ҳарбий кучлари ёки базалари ҳужумга учраган тақдирда, президент Трампнинг қўл қовуштириб ўтиришига ишониш қийин.

Бир вақтнинг ўзида Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчилари Исроил ва Саудия Арабистони Эронга қарши давом этаётган босимларни бир четдан туриб олқишлаётган бўлса, жаноб Трампнинг европалик ҳамкорлари вазиятдан ташвишга тушмоқда.

Айни дамда Эрон ва АҚШ ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий зиддиятни 2003 йилда бошланган Ироқ урушига менгзайдиганлар талайгина. Бироқ бу тўғри қиёслаш бўлмайди.

Эрон Саддам Ҳусайн Ироқидан жуда катта фарқ қилади.

Уруш бошланган тақдирда ҳам у кенг кўламда олиб борилмайди.

Бунинг ўрнига асосан сув ва ҳавода ҳарбий ҳаракатлар олиб борилади ҳамда Эроннинг қаршилиги ҳам анчайин жиддий бўлади. Эрон билан бошланадиган уруш бутун Яқин Шарқни олов ичида қолдириши мумкин.

Жаноб Трамп президентга айланган пайтлар АҚШнинг ташқи сиёсатига жиддий путур етишини башорат қилганлар ҳам бўлган эди.

Бугунги кунда Эрон атрофида шаклланиб келаётган вазият АҚШ ташқи сиёсатида кўп томонлама инқироз шаклланганини кўрсатмоқда: халқаро битимларни хуш кўрмаслик; минтақавий иттифоқчиларга ҳаддан зиёд суяниш; узоқ вақт АҚШ ҳамкори бўлиб келган НАТО давлатлари билан алоқаларнинг совуқлашиб кетиши; ва ҳаммасидан ҳам муҳими – Вашингтоннинг реал стратегик манфаатларини аниқлай олмаслик ва илгари суролмаслик.

Дунёда қудратли давлатлар рақобати ошаётган, АҚШ кучига куч қўшилаётган Хитой ва оёққа тураётган Россияга қарши ўз қуролли кучлари салоҳиятини кучайтиришга тиришаётган бир пайтда Эрон Вашингтоннинг стратегик мақсадларида қандай ўринни эгаллаб турибди?

Эрон глобал таъсирга эга инқирозга сабаб бўла оладими? АҚШ ташқи сиёсати бўйича кўплаб таҳлилчилар бу саволга йўқ деб жавоб беради.

Аксар экспертлар Теҳронни тизгинлаб туриш зарурлигини таъкидлайди, аммо очиқ урушга сабаб бўлувчи ҳаракатлар ҳозирча кузатилмаётганини айтади.

Мабодо уруш бошланган тақдирда ҳам бу эронликлар ва америкаликларнинг ўз хатолари меваси бўлади.