Хорижга чиқиш паспорти ололмаётган фотожурналист Темур Карповга Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов паспортни олишга ёрдам беришни ваъда қилди.

Темур Карпов чоршанба куни Ўзбекистон ҳукуматига видеомурожаат қилиб, уч ой муқаддам хорижга чиқиш паспортини олиш учун ариза топширгани, унга паспорт берилиши «мақсадга мувофиқ эмас» деган жавоб олгани ҳақида гапирган.

«Ўзбекистон ҳукумати жуда кўп катта ваъдалар беради, чиройли гаплар айтади, лекин уларнинг амали сўзига зид. Ҳукуматга сўзим шу: эркинликни чеклашни бас қилинг», – деган у мурожаатида.

Комил Алламжонов фотожурналистнинг мурожаатига жавоб қайтарган.

«Биз Темур билан учрашиб, ушбу масалани атрофлича ўргандик ва тегишли давлат органлари билан уни ҳал этиш чораларини кўрдик. Темур эртагаёқ Яшнобод тумани хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бориб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргандан сўнг унга белгиланган тартиб ва муддатда чет элга чиқиш паспорти берилади», – деган агентлик директори.

Темур Карпов таниқли фотограф Умида Аҳмедова ва режиссёр Олег Карповнинг фарзанди, Россиянинг нуфузли ОАВ билан фотомухбир сифатида ҳамкорлик қилади.

Комил Алламжонов, шунингдек, бироз аввал Insta-блогер Азиз Ашурбаевнинг телефони ва саҳифасини солиқчилар олиб қўйганига ҳам муносабат билдирган эди.

«Давлат солиқ қўмитасининг блогерларни жазога тортишдан кўра муҳимроқ ишлари ҳам бор. Солиқчиларимиз блогерларни солиққа тортиш ёки уларга юқоридагидек зўравонлик қилишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиш, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш каби энг долзарб муаммоларни ҳал этсалар, жамиятга ва иқтисодиётга кўпроқ фойда келтирган бўлар эди», – деган у.