Илмий мақолалар тобора қимматлашиб кетиши молиявий имконияти чекланган ўзбек илмий марказларига қийинчилик туғдиради. Илм-фандаги охирги янгиликлардан бехабар қолиш бевосита илмий изланишлар сифати ва долзарблигига таъсир ўтказмоқда. Сурункали тарзда кам молиялаштириладиган ўзбекистонлик олимларга кутилмаган жойдан нажот келгани ҳақида Ўзбекистон фанлар академияси илмий тадқиқотчиси Рустам Ашуров "Minbar"га гапириб берди.

2009 йили Қозоғистон миллий техника университети талабаси Александра Элбакян ўз малакавий диплом ишини ёзиш асносида илмий мақолалардан фойдаланишда муаммоларга дуч келади. Ривожланаётган давлатлар олимларига хос бўлганидек, Александра молиявий жиҳатдан имконияти чеклангани сабабли ўзининг дастурлаш ва информацион хавфсизлик соҳасидаги билимини илмий мақолаларни бепул қўлга киритиш учун ишлатди. Бу имкониятни талабалар ва илмий ходимлар баҳам кўради. 2011 йилда Sci-Hub лойиҳаси оммага тақдим этилди.

Бу дастурнинг асосий мақсади илмий маълумотлар олиш йўлида ўрнатилган барча тўсиқларни бузиш эди. Яъни, Elsevier каби гигант илмий нашриётлар назорат қилаётган пулли илмий мақоладан дунё бўйлаб минглаб олимлар бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Sci-Hub тизими йиллар давомида олимлар орасида жадал оммалаша бошлади. 2015 йилга келиб тизимга 4 ойда 28 миллион мақолани юклаб олиш учун мурожаат тушган. Энг қизиғи, молиявий имконияти чекланган давлатлар учун яратилган ушбу тизимдан ҳатто ривожланган давлатларда ҳам фойдалана бошлашди. Мисол учун, Нью-Йорк шаҳридан 6 ой ичида тизимга 74000 та мурожаат тушган.

Sci-Hub тизими иши ҳаммага ҳам қўл келмаслиги тайин. Илмий нашриётлар, хусусан, Elsevier нашриёти Александра Элбакянни судга берди, ундан 15 млн АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплашни талаб қилди. Александра эса ўзининг қаерда эканини доимий равишда беркитиб юради. Ҳатто Ғарб матбуоти билан шифрланган адресдан, қалбаки электрон почталар орқали гаплашади. Ғарб мутахассисларининг фикрича, Александра айни дамда Россияда яшайди.

Elsevier нашриёти дунёнинг энг катта илмий нашриётларининг биридир. Нашриёт олимлардан илмий мақолаларни қабул қилади. Сўнгра мақолаларни экспертиза қилиш учун тегишли соҳа вақилларига жўнатади. Мақолалар чуқур экспертизадан ўтгач, чоп этилади ва пулланади. Нашриёт мақолаларни сифат бўйича элакдан ўтказиш, чоп этиш, уларни узоқ муддат сақлаш ва тарқатиш вазифасини ўз бўйнига олади. Бу хизматларининг эвазига мақолаларни пуллаш орқали маълум миқдорда фойда кўради. Нашриётнинг 2017 йилги ҳисоботида Elsevier нашриёти 2 млрд 445 миллион фунт стерлинг ишлагани, шундан 900 млн фунт стерлинги соф фойда экани кўрсатилган. Демак, нашриётнинг маржаси 36,8 фоиз. Бу дегани Elsevier нашриёти маржаси Apple, Google ёки Amazon компаниялариникидан баланд.

Александра Элбакянни замонавий Робин Гуд деб атаганлар ҳам кам эмас. Элбакян хоним ўзини асло қароқчи деб ҳисобламайди. Унинг фикрича, интернет бу глобал мия бўлиб, ундаги ҳар бир пулли тўсиқлар инсоният ривожланишига қарши қилинаётган жиноятдир.

У судга жўнатган ёзма мурожаатида шундай фикр билдиради: “Elsevier ва бошқа шунга ўхшаш нашриётлар илмий мақола муаллифларига, тақризчилар ва муҳаррирларга умуман гонорар тўламайди. Аксинча, ҳатто муаллифнинг ўзи ҳам керак бўлганда мақолани сотиб олишга мажбур бўлади. Қолган аудитория ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, ушбу илмий натижалар одамлар тўлайдиган солиқлар эвазига амалга оширилган тадқиқотлар орқали олинган. Бу ҳаводан пул қилишдир. Биз ҳақ йўлдамиз. Чунки ҳали бирорта мақола муаллифи бизнинг устимиздан шикоят қилгани йўқ”.

Кўпчилик олимлар Александранинг фикрига қўшилади. Александра Элбакян эса ўзини оқлаш учун доим Инсон хуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 27-моддасига мурожат қилади. Унга кўра ҳар бир инсон илмий юксалишда қатнашиши ва унинг меваларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқига эга. Хўш, Александра Элбакян сиз учун қароқчими ёки қаҳрамон? Бу лойиҳа унга қимматга тушаётган бўлса ҳам, ундан фойда олишни кўзлаётгани йўқ. Хулоса сиздан.