Марказий Осиёда турли сабаблар деб болаларини юқумли касалликларга қарши эмлатишни истамайдиганлар сони кўпайиб бормоқда. Қўшни Қирғизистонда диний эътиқодини рўкач қилиб эмлатишдан бош тортганлар сони қарийб 60 фоизга ортган. Ўзбек жамиятида ҳам вакциналар ҳақида турли фитна назариялар урчигани боис бундан келажакда катта муаммолар келиб чиқишини тахмин қилиш мумкин.

BBC маълумот беришича, Қирғизистон мусулмонлар идораси 5 апрелда фатво чиқариб, эмлашни ҳар кимнинг ихтиёрига қолдирган. Фатвода таркибида чўчқа ва ислом динида ҳаром деб билинган бошқа унсурлар бўлмаган вакциналар жоизлиги айтилган. Лекин ўзлари ёки болаларини эмлатишдан бош тортаётган мусулмонларнинг иддаоларига таянилса, мамлакатда вакциналарнинг таркибини текшириб, аниқ хулоса берадиган лаборатория йўқ. Шундай экан, улар "шубҳали" эмлатишдан биратўла бош тортмоқда.

Ўзбекистонда қизамиқ, сил, фалаж дохил болалар ҳозир 13 та юқумли хасталикка қарши эмланади.

Вакциналар ҳақида турли фитна назариялар урчиган бир пайтда мусулмонларнинг ғайримуслим ўлкаларда тайёрланган эмдориларга шубҳа билан қараши табиий. Оқибатда бутун аҳоли эмланмаслиги, эпидемия тарқалгудек бўлса, мамлакат жиддий хавф остида қолиши мумкин.

Эмлашга қаршилик муайян бир динга эътиқод қилаётганларга хос эмас, албатта. Ўтган ҳафта Нью-Йоркда қизамиқнинг бирдан ғайриодатий шаклда тез тарқалиши аксилэмлаш ҳаракатининг навбатдаги оқибати сифатида кўрилди. Нью-Йорк соғлиқни сақлаш комиссарлиги мажбурий эмлаш ҳақида буйруқ чиқарди.

  • Нью-Йоркдаги вазият Қирғизистондаги ҳолатга бир жиҳати билан жуда ўхшаш – Нью-Йоркда қизамиқ асосан эмлашга қарши бўлган ортодоксал диндор яҳудий жамоасида тарқалган.

Эмланиши мумкин бўлган, лекин бундан онгли равишда воз кечаётганлар эпидемияларни келтириб чиқариши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бундай одамларни глобал соғлиқ учун энг катта тахдидлардан бири деб атаган.

  • Эмланмаган одамлар нафақат ўзи касал бўлади, балки касалликни ташувчи ҳам ҳисобланади.

Аксилэмлаш кайфиятлар шарофати билан қизамиқ ва тепки каби олдини бемалол олиш мумкин бўлган касалликлар ақл бовар қилмайдиган даражада қайта тарқалмоқда. Ҳали полиомиелит, гепатит навбат кутиб турибди.

Мудҳиш оқибатлар ҳақида олимлар ҳам бонг урмоқда. "Эмланиш ёки эмланмаслик ҳар кимнинг ўз шахсий иши, аммо улар жамият ичида яшар экан, ўзгалар соғлиғи учун ҳам масъул бўлади", – дейди астрофизик Итан Сигел ва микробиолог Алекс Березов Scientific American журналида.

“Маст қилувчи ичимлик ичиш ва машина ҳайдаш ҳар кимнинг ҳуқуқи. Аммо бу икки ҳуқуқдан бир пайтда фойдаланиш қонунга зид. Маст ҳайдовчи ва эмланмаган одам ахлоқи ўртасида фарқ йўқ. Ҳар иккиси ҳам масъулиятсизларча, худбинларча ўзгалар ҳаётини хавфга қўяди”, – деб ҳисоблайди олимлар.