Истанбул қўш воқеликда яшамоқда. ЖХП номзоди Экрем Имомўғли ўзини Истанбул ҳокими демоқда. Лекин қудратдаги АК партияси номзоди Бинали Йилдиримнинг президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан тушган суратлари илиниб, у ўзининг сайловда “ғолиб” бўлгани учун истанбулликларга ташаккур айтаяпти.

Марказий сайлов комиссияси Экрем Имомўғлу рақибидан 25 минг кўп овоз олганини айтган. Лекин Эрдўғон ҳукумати Истанбулдаги сайлов натижаларини тан олмаяпти, овозларни қайта санашни буюрган.

АКП Туркия бўйлаб сайловларда умумий ҳисобда кўп овоз олган бўлса-да, Анқарада ЖХП ғалабасини савол остига олмоқда.

Эрдўғон қачонлардир ўзи ҳоким бўлган, Туркиянинг иқтисодий юраги бўлмиш шаҳарни бериб қўйиш нияти йўқ кўринади.

АКПнинг иддао қилишича, сайловда қонунбузилишлар бўлган, овозлар тўғри саналмаган.

“Шу пайтгача ҳукумат ва ҳукмрон партия Туркиянинг сайлов тизими энг ишонарли тизим дея мақтаб келишганди. Сайлов куни бир миллион одам сайлов участкаларида ишлаган. Агар бирор қонунбузарлик бўлганда эди, бу ҳақда ёзма хабар беришган бўларди – бу ерда қоида шу. Жорий ҳолатни бир нарса билан изоҳлашим мумкин – улар ўз муваффақиятсизликларига баҳона ахтаришаяпти”, – деган Имомўғли.

Ҳукумат 2014 йилги маҳаллий сайловларда қоидабузарликлар бўлгани ҳақидаги мухолифат шикоятларини рад қилган. 2017 йили Туркия сиёсий тузумини Эрдўғон фойдасига ўзгартириш юзасидан бўлган референдумда ҳатто муҳрланмаган сайлов варақалари қабул қилиниши ҳақида сайлов комиссияси қарор чиқарган. Мухолифат норози бўлган. Ҳукумат парво қилмаган.