Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси этиб қайта ташкил этилган. У аввал Бош прокуратура ҳузурида эди, президентнинг 15 мартдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилган.

“Агроинспекциянинг ВМга ўтказилиши унинг кутилган натижа бермагани учун эмас, балки аксинча мазкур йўналишда эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш ва агрокомплекс фаолиятини янада кучайтириш максадида амалга оширилди. Агроинспекциянинг ҳозирги мақоми вазирликка тенглаштирилгани ҳам шуни тасдиқлайди”, дея изоҳлади Бош прокуратура матбуот хизмати.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарининг айтишича, прокуратурага хос бўлмаган вазифа ва функциялар мантиқий тадрижий равишда тегишли идоралар ваколат доирасига ўтказилаяпти. “Ўз вақтида механизмни йўлга қўйиб олиш учун мазкур йўналишларда прокуратуранинг ҳуқуқий кўмаги зарур эди, ҳозир эса барча идоралар ўз йўналиши учун мутассади”, деб таъкидланди.

Янги қабул қилинган Президент қарорида инспекциянинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар кўрсатиб ўтилган:

  • қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш;
  • ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш;
  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни юритиш.

Инспекцияни президент томонидан тайинланадиган ва озод этиладиган бошлиқ бошқаради ва у бевосита ҳукуматга ҳисобдордир.

Инспекция бошлиғи меҳнатига ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, Инспекция бошлиғи ўринбосарлари вазир ўринбосарига тенглаштирилади.