Сиёсат ва ҳокимият: агар сиз президентнинг қизи ё куёви бўлсангиз... Сўнгги йилларда минтақа давлатлари бўладими ёки дунё, президент оилаларининг мамлакат сиёсий ҳаётида қанчалик фаоллашиб бораётгани таҳлилчиларнинг алоҳида эътиборларига молик мавзулардан бирига айланган.

Турли ижтимоий мулоқот тармоқларида энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб воқелик экани кузатилган.

Кимдир буни бошқарувдаги тизим табиати, президент отанинг қудратига йўяётган бўлса, бошқаси бунга қобилияти, салоҳияти бўлса, нега йўқ, у ҳам ўша мамлакатнинг бир фуқароси, қандини урсин, омадини берсин дея муносабат билдирган.

Яна бирлари эса президентлар фарзандлари билан боғлиқ воқеалар ривожини "хайрлиси бўлсин" дея анчайин "хавотир" билан кузатиб турганликларини айтишган.

Сиёсий таҳлилчилар эса ўз таҳлилларида ҳали-ҳануз анчайин эҳтиёткор мавқеда, уларга кўра президент отанинг қизи бўладими, куёви ёки ўғли, ўз яқинларини ишга олиши ҳуқуқий давлатчилик нуқтаи назаридан манфаатлар тўқнашуви талқинида мақбул иш бўлмаслиги мумкин.

Аммо таҳлилчилар баҳоси, танқидчилар танқиди ва оддий одамларнинг қизғин акс-садоларига қарамай, бу каби тажриба ҳануз амалда.

Дейлик, халқаро баҳоларда дунёнинг энг демократик иккита давлатидан биттаси сифатида кўрилувчи Америка Қўшма Штатларида президент Доналд Трампнинг қизи Иванканинг қанчалик сиёсий фаоллиги биргина сўнгги ҳафталарнинг ўзида яна қатор саволларни ўртага отмай қолмаган.

Иванка Трамп яқинда Японияда бўлиб ўтган катта йигирматалик саммитида олдинги планда бўлган.

Олиймақом учрашув ниҳоясида у отасининг ёнида дунё раҳбарлари билан суратга ҳам тушган.

Бу ўз навбатида Иванка Трампнинг Оқ уйдаги роли ўзи нимадан иборат деган саволларни пайдо қилган.

Фото: President.tj

Худди шу манзарада минтақавий таҳлилчилар бунга ўхшаш ҳолат Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига ҳам бирдек хос эканига, йилларки, эътибор қаратиб келишади.

Бу каби давлатларда президентларнинг яқинлари мамлакатнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги элчиси бўладими, Сенат раиси ёки шаҳар ҳокими, бир ёки бирваракайига бир нечта лавозимни эгаллаб келишган ёки туришибди.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш марказининг Mossack Fonseca ҳуқуқий ширкати сиздирган маълумотларга асосланган 2016 йилги тадқиқотда эса Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг қизлари қиймати миллиардлаб долларга баҳоланадиган олтита олтин конига эга ширкатнинг 56 фоиз ҳиссасини бошқаришлари ҳам иддао қилинганди.

Орада қўшни Тожикистонда мансабдорларга яқинларини ишга олишлари расман ман этилган.

Аммо таҳлилчилар янги чекловлар манзарасида Тожикистондаги нуфузли ўринларни президент ва вазирларининг фарзандлари эгаллаб олишганига эътибор қаратишганди.

Буларнинг барчаси орада "Марказий Осиё: демократиями ва ё монархия, Марказий Осиёда демократия ишлайдими? Балки хонликлар ва бекликларга қайтиш маъқулдир?" каби саволларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Бошқа томондан, таҳлилчиларнинг диққат маркази ва хулосасидаги бу каби саволлар ҳозирча минтақадаги бирорта давлатнинг оммавий ахборот воситаларида ўзининг таҳлилий талқини, баҳосини топмаган.

Оддий аҳоли, оддий одамларнинг бу хусусдаги фикр, мулоҳаза ва муносабатлари ҳам аксарият ҳолларда ўзаро суҳбатлар ёки ижтимоий мулоқот тармоқларидаги шарҳлардан нарига ўтмаган.

Би-би-сининг Шимолий Америка бўйича мухбири Энтони Зуркер АҚШ мисолида Иванка Трампнинг юксалишини таҳлил қилади.

Бир кўринг-чи ва фикрларингиз бўлса, албатта ўртоқлашинг.