Афғонистондан Ўзбекистонга олиб кирилаётган минглаб кўчатлар хавфли деб топилди ва мутасаддилар томонидан йўқ қилинди. Бу ҳақида "Ўздавкарантин" инспекцияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Хавфли деб топилган кўчатлар минглаб ток, олхўри ва арча кўчатлари бўлган. Ўрнатилган тартибга кўра Ўзбекистонга олиб кириладиган ўсимликлар зараркунанда ва бегона ўтлар, турли касалликлар, шунингдек, бошқа карантин организмлардан холи бўлиши шарт", – дейди матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов.

Кўчатларда карантиндаги зараркунандалар аниқланган. Шунингдек, карантин рухсатномасида узум ва олхўри кўчатлари қайд этилмаган. Арча кўчати фитосанитар талабларга жавоб бермайди. Агар кўчатлар йўқ қилинмаса, кўчат экилган ҳудуддаги маҳаллий кўчатлар зарарланади.

Таркибида карантиндаги зараркунандалар аниқланган арча кўчатлари.
  • Намуналарда Staphylinidae оиласига мансуб қўнғиз, Bibio morci – қора пашша, Hymenoptera – қанотли ҳашорат топилди.
  • Узум Oidium tuckeri Berk – оидиум замбуруғ касаллик қўзғатувчилари билан зарарланган.
  • Олхўрида Pseudomonas syringae – бактериал рак мавжуд.
  • Республика фитосанитар тозалиги тартибида карантин чораси қўлланган: 34 минг ток, 10400 олхўри ва 120 дона арча кўчати ёқиш йўли билан йўқ қилинган.

"Бундан аввал Хитой ва Германиядан келтирилган тут ва ток кўчатларида ҳам зарарли моддалар мавжуд бўлгани учун ёқиб йўқ қилинган эди, бир ой ичида учинчи марта бу ҳол такрорланмоқда", – дейди Бекзод Ҳидоятов.

Кўчатларни текшириш жараёни.