АҚШ Президенти Дональд Трамп Толибон билан олиб борилган тинчлик музокараларини тўхтатишини маълум қилди. Музокаралар Американинг Афғонистондаги 18 йиллик урушига барҳам бериши кутилаётган эди.

Трампнинг Твиттерда ёзишича, у якшанба куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ва Толибон раҳбарияти билан учрашиши керак бўлган.

Бироқ Толибон жангарилари Америка аскари ўлимига олиб келган яқиндаги ҳужумга жавобгарликни зиммасига олгач, Трамп Кэпм Дэвид қароргоҳида бўлиб ўтиши керак бўлган махфий учрашувни бекор қилди.

Толибон келишувга эришишни бекор қилишдан Америка халқи кўпроқ ютқазишини маълум қилди.

Учрашув 2001 йил 11 сентябрь куни Нью Йоркка ҳужум бўлган тарихий санадан бир неча кун олдин бўлиб ўтиши керак бўлган.

2001 йилнинг кузида АҚШ Афғонистонга бостириб кирди ва Толибонни ҳокимиятдан олиб ташлади. Толибон АҚШга учоқ билан ҳужум режалаган Ал-Қоидага бошпана бергани учун Америка қаҳрига учраганди.

Толибоннинг Доҳадаги сиёсий қанотидан Би-би-си манбасининг айтишича, гуруҳ жаноб Трампнинг қарорини муҳокама қилиш учун "шошилинч ички йиғилиш" ўтказади.

Трамп билан алоҳида учрашиши керак бўлган Афғонистон Президенти Ашраф Ғани маъмуриятининг айтишича, Толибон оташкесимга рози бўлиб, Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокараларга ўтирса тинчликка эришиб бўлади.

Бу қанчалик кутилмаган янгилик?

Ўтмишда тарихий тинчлик музокараларига эришилган жой сифатида машҳур бўлган Кэмп Дэвидда Толибон билан юзма-юз учрашиш АҚШ Президенти томонидан ғайритабиий дипломатик ҳаракат бўлиши мумкин эди.

Айниқса, бу 2001 йил 11 сентябрда Америкага бўлган ҳужумларга 18 йил тўлиши арафасида бўлишига эътибор қаратилмоқда.

АҚШнинг юқори мартабали музокарачиси тинчлик сулҳи душанба куни имзоланиши мумкин деган эди.

Бироқ Трампнинг Шанба кечаси ёзган твити деярли бир йил давом этган ва Толибон Америка қўғирчоғи деб атаган Кобулдаги Афғонистон ҳукуматини четга суриб қўйган машаққатли музокараларни ниҳоясига етказди.

"Афсуски, Толибон ёлғон таъсир ўтказиш воситаларини кўрсатиш учун Кобулга ҳужум қилгани ва бизнинг буюк аскарларимиздан бирини ўлдирганини тан олди. Мен зудлик билан учрашувни бекор қилдим ва тинчлик музокараларини тўхтатдим", деб ёзди Дональд Трамп.

Тайёрланаётган суҳл шартига кўра АҚШ 20 ҳафтанинг ичида 5400 аскарини олиб чиқиши ва бунинг эвазига Толибон Афғонистон ҳеч қачон терроризм ўчоғи бўлмаслиги борасида кафолат бериши керак эди.

Айни дамда Американинг Афғонистонда 14 минг аскари бор.

Афғонистонда қандай ҳужум бўлди?

Пайшанба куни Кобулда Толибон томонидан автомобиль портлатилиши 12 кишининг, жумладан, бир Америка ҳарбийсининг умрига зомин бўлди.

Яна НАТО раҳбарияти остида хизмат қилаётган руминиялик аскар ҳам ҳалок бўлди.

Бироқ Толибон тинчлик музокаралари давом этаётган вақтда ҳам Афғон ва хориж кучларига қарши зўравонлик кампаниясини тўхтатишга рози бўлмаган.

Шу йил 16 АҚШ аскари ўлдирилди.

Сўнгги вақтларда зўравонликнинг ортиши АҚШ ва Толибон ўртасидаги келишув Афғонистондаги кунлик жанглар ва унинг тинч аҳолига бўлаётган оқибатларини тўхтата олмайди, деган қўрқувлар кучайётган эди.

Ўзбекистоннинг иштироки

8 август куни Ўзбекистон ташқи ишлари вазири Абдулазиз Комилов Толибоннинг Доҳадаги сиёсий қаноти раҳбари Мулла Абдулғани Бародарни қабул қилди.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳамасосчиси, сиёсий қаноти ва Доҳадаги идораси раҳбари Мулла Бародар Ахунд бошчилигидаги ҳайъат бир ташрифининг ўзида пойтахт Тошкентда музокаралар борган, қадим Самарқанд ва Бухорода бўлган.

Имом ал-Бухорий, Шоҳи Зинда ва Ислом оламида муқаддас бўлган бошқа қатор қадамжоларни зиёрат қилган.

Жума намозини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий Жомеъ масжидида ўқиган, Қурбон Ҳайитини Тошкентда қарши олган. Ҳайит намозини ҳам Ўзбекистон пойтахтидаги масжидларнинг бирида адо этган.

Афғонистон Толибон ҳаракати ўзининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтларида чоп қилган суратлардан музокарачи томонларнинг бир-бирлари билан ҳадя алишганликлари ҳам кўрилган.

Самарқанд вилояти ҳокими эса, ҳатто, Мулла Бародарга зарбоф тўн кийдирган, ўз қўллари билан қийиқ боғлаб, ўзбекча дўппи ҳам кийдирган.

Бу каби иззат-ҳурмат Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳозирлигида кўрсатилган.

Исматилла Иргашев ҳайъатнинг ҳар бир сафари, масжидларга қадар ҳамроҳлик қилган, намозни ҳам улар билан бирга адо этган.

Толибон ўз суратида Самарқанд вилояти ҳокими томонидан берилганини билдирган зиёфат чоғида созандалар ҳам кўзга ташланган.

Бу ҳам куй-қўшиққа ўзининг кескин қаршилиги билан танилган ҳаракат вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўпчиликнинг диққат-эътиборига тушган воқеъликлардан бири бўлган.

Уларнинг бу сурати ижтимоий мулоқот тармоқларида енгил кулгу, ҳажв ва таажжубларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Бошқа томондан, мазкур ҳолат Толибоннинг мўътадиллашиб бораётгани нишонаси эмасмикан қабилидаги талқинларга ҳам замин яратган.

Ҳайъатнинг таркиби, аъзолари сони ва кун тартиби борасида расмий маълумотлар эса, сўнггига қадар мавҳум қолган.