Афғонистон Ўзбекистонда «Толибон» ҳаракатининг вакиллари билан бўлиб ўтган «расмий учрашув»нинг моҳиятига эътироз билдирди. Афғон ташқи ишлар вазирлиги бу учрашув «Афғонистон ҳукумати ва "Толибон" ҳаракати ўртасидаги тинчлик музокараларини осонлаштирмагани»ни айтган. Бу ҳақда TOLOnews хабар беради.

«Биз барча мамлакатларни, хусусан қўшниларимизни Афғонистон ислом республикасининг ҳукумати ва халқининг афғонлараро тинчлик музокараларида етакчилигини ва бу музокараларга эгалик қилишини ҳурмат қилишга чақирамиз», – дейилади 10 августда Афғон ТИВ берган баёнотда.

Афғонистон ташқи ишлар вазирининг расмий вакили Сибхатуллоҳ Аҳмадий Тошкент «Толибон» ҳаракатининг вакилларини расман қабул қилганига эътироз билдирди.

Афғон сиёсий идораси назарда тутаётган учрашув 8 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида «Толибон» ҳаракатининг Доҳа шаҳридаги сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Охунд бошчилигидаги ҳаракат вакиллари билан бўлиб ўтган.

«Учрашув чоғида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш мақсадида мамлакатда тинч сиёсий жараёнларни илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди», – дейди ўзбек ТИВ.

«Мулла Бародар афғонлараро мулоқотнинг навбатдаги раундини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлаган», – дейилади расмий баёнотда.