Ўзбекистондаги атом электр станцияси Жиззах вилояти Айдар-Арнасой кўллар тизимига қарашли Тузкон кўли яқинидаги майдонда қуриладиган бўлди.

"Ўзатом" агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, 2018 йил августдан бошланган АЭС қуришнинг биринчи босқичи якунланган. Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштирувчи республика ишчи гуруҳи шундай қарорга келган.

Ишчи гуруҳ АЭС қуриш учун мўлжалланган майдонларни пухта ўрганиб чиққани айтилади: 2018 йил августидан 2019 йил мартига қадар Навоий ва Бухоро вилоятларининг Тўдакўл сув омбори яқинидаги тўртта, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида жойлашган учта майдон. Ишчи гуруҳ халқаро экспертлар билан ўтказилган илмий изланишлардан кейин Тузкон кўлини танлаган.

Фото: Ўзатом.

Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши нақадар хавфли? Уни қуришга неча миллиард доллар сарфланади? "Росатом"нинг Туркия ва Беларусдаги лойиҳаларида хабар қилинган муаммолар ҳисобга олиндими?

"Росатом" Ўзбекистонда ҳар бир энергоблокининг қуввати 1,2 ГВт бўлган 2 та энергоблокдан иборат атом электр станциясини қурмоқда.

Станция қурилиши 2022 йилда бошланиши, 2028 йилнинг декабригача биринчи энергоблок, 2030 йилнинг июнигача иккинчи энергоблок ишга туширилиши режаланган.

Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган бу атом электр станцияси экспертлар ва халқ орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлмоқда. АЭСнинг қурилишидан соф иқтисодий мақсад кўзланган дегувчилардан тортиб, бу қурилиш Россиянинг Марказий Осиёдаги геосиёсий мақсадларига хизмат қилади деб хавфсирайдиганлар ҳам топилади.

"Ўзатом" агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов эса бу лойиҳа тафсилотлари ва истиқболи ҳақида гапириш билан бирга оммавий ахборот воситаларини АЭС лойиҳаси борасида ваҳимали хабарлар тарқатмасликка чақирган эди.