Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистонда қурилиши режаланаётган атом электр станциясига доир умумий келишувнинг йил охиригача имзоланишини маълум қилган.

Медведевга кўра лойиҳанинг "иқтисодий параметрлари"ни шундан кейингина аниқлаш мумкин бўлади.

Бу ҳақда Россия бош вазири ўтган шанба "Вести в субботу" дастурига берган интервюсида гапирган.

  • Унинг сўзларига кўра АЭС масаласи ўтган ҳафта Ўзбекистонга ташрифи чоғида ҳам муҳокама қилинган.
  • АЭС қурилиши лойиҳаси ўтган йил октябрида президент Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида очиқланган.
  • Кремл икки давлат раҳбарлари АЭС қурилиши лойиҳасининг бошланишига бағишланган маросимда видеоконференция режимида қатнашганини хабар қилган.

На Россия ва на Ўзбекистон АЭСнинг қанчага тушишини расман очиқлаяпти.

Таҳлилчилар 11 миллиард билан 20 миллиард долларгача бўлган рақамларни айтишади.

Бу маблағнинг катта қисмини Россия узоқ муддатли кредит сифатида бериши айтилган.

"Росатом" Бангладешда қураётган АЭСнинг қиймати 13 млрд.га баҳоланган.

Шундан 11,3 миллиардини Россия кредит сифатида берган.

Медведев 30 май куни Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Урганчда бош вазир Абдулла Арипов билан музокара олиб борган.

Урганчда ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг биринчи йиғилишида Ўзбекистондаги бир қатор аэропортларни Россия ширкати бошқарувига бериш масаласи муҳокама қилингани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар олинган.

Ўзбек томони музокаралар тафсилотини очиқламаяпти.

Хавфсизлик хавотирлари

Ўтган ҳафта «Ўзатом» агентлиги Жиззах вилоятидаги Тузкон Айдар-Арнасой кўллар тизими яқинидаги ҳудуд Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси қурилиши учун энг мақбул майдонча сифатида танлаб олинганини маълум қилган.

Фаоллар Ўзбекистонда АЭС қурилишига қарши фикрларни айтиб келишмоқда.

Улар ушбу лойиҳа пухта ўрганилиши ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ташланиши кераклигини таъкидлайди.

"Энди атом станцияларини олсак. Афсуски, сўнгги вақтларда халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, замонавий хавфсизлик технологияларини қўллаш мумкинлиги ҳақида қанчалик гапирилмасин, бундай станциялар тўла хавфсиз эмас", – дейди Тошкентдан гидромуҳандис Герман Трешалов.

Россиялик мутахассислар Туркиянинг Аккую минтақасида қураётган АЭСнинг пойдеворида икки марта ёриқ пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликларнинг АЭС борасидаги хавотирлари янада кучайган.

Ўтган ой "Ўзатом" бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Би-би-си билан суҳбатда бу хавотирларни аритишга уринган.

"Ўзбекистон томонидан танланган "Росатом" корпорациясининг технологиялари – 3+ авлоди дейилади – ҳозирги кунда энг замонавий, энг хавфсиз реакторлар ҳисобланади ва барча хавфсизлик омиллари ҳисобга олинган атом электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Яъни хавфсизлик даражаси жиҳатидан, уни эксплуатация қилиш тарафидан энг хавфсиз, энг замонавий станциялардан бири", – деб айтган "Ўзатом" раҳбари.