2016 йилда Йўл ҳаракати қоидалари бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси аслида депутатларнинг ташаббуси бўлиб чиқди. Адлия вазирлиги “Муносабат” телекўрсатувида айтилган автотранспортлар билан боғлиқ фикрлар бўйича билдирган муносабатида шундай хулоса қилган.

Адлия вазирлиги маълумотида депутатлар томонидан 2016 йилда ҳукумат киритган деб тилга олинаётган қонун лойиҳасини аслида ҳукумат эмас, балки бевосита Қонунчилик палатаси депутатлари парламентга киритган.

Бунга асос қилиб, ўша пайтда Йўл ҳаракати қоидалари янги таҳрирда тасдиқлангани, шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормалари ҳам таҳрир қилинаётгани ташаббускор депутатлар томонидан асос қилиб кўрсатилган.

"Шундай экан, 2016 йилда қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда ҳукумат “бошқа гапни гапирган” деган важлар, унинг натижасида оммавий ахборот воситаларида нотўғри талқин қилингани ҳурматли депутатларнинг аниқ маълумотга эга эмасликлари туфайли юзага келган", – дейилади вазирлик баёнотида.

Бу нега муҳим: қонун чиқарувчи ҳокимият ижро ҳокимиятига, ижро ҳокимияти эса қонун чиқарувчи ҳокимиятга эътироз билдириши нормал ҳолат, бу ҳокимиятларнинг ўзаро тийиб турилиши дейилади.

Ўзи нима гап?

Яқинда “Муносабат” кўрсатувида куннинг ёруғ вақтида барча машиналар чироқларини ёқиб юриши белгиланган ҳукумат қарори бўйича муҳокама ўтказилганди. Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи орган сифатида муҳокамада билдирилган қонунчилик тизими билан боғлиқ фикрларга изоҳ беришни ўринли деб топган.

Депутатлар эътирози:

  • 1) 2016 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёқмаганлик учун айрим тоифадаги автомототранспортларга нисбатан жарима белгилаш назарда тутилган, аммо ҳозирги кунда ушбу моддага асосан барча машиналар жаримага тортилаётгани;
  • 2) қарорнинг қачондан кучга кириши кўрсатилмагани;
  • 3) қонун ҳужжатлари тадбиркорларга қўшимча мажбурият ёки талаблар юкласа, улар уч ойдан кейин кучга кириши лозимлиги ҳақидаги талабнинг бузилгани;
  • 4) ҳуқуқий экспертиза масаласи.

Адлия вазирлиги бу эътирозларга қуйидагича жавоб берган:

1) 2016 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар билан "сутканинг қоронғи даврида ёки кўриш чекланган шароитларда ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш" сўзлари "ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш" сўзларига алмаштирилган. Бунда жарима миқдори, яъни энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдори ўзгармаган.

Биринчидан, киритилган мазкур ўзгариш бланкет норма (давлат органлари, мансабдор шахсларга хатти-ҳаракатлар, тақиқлар ва бошқаларни мустақил белгилаш ҳуқуқини берувчи ҳуқуқий норма) ҳисобланади. Қонунчилик амалиёти ва қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан бланкет нормаларни қўллаш нормал ҳолат бўлиб, одатда бузилиши учун жавобгарлик белгиланаётган моддада барча қоидаларни санаб ўтишнинг имкони бўлмаган ҳолларда ишлатилади.

Иккинчидан, у ёки бошқа соҳада тегишли қоидаларни белгилаш қонун ҳужжатларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ёки бошқа ташкилот ваколатига киритилган. Қоидаларни тегишли орган ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда ўзгартириши мумкин ва буни Олий Мажлис билан келишиш талаб этилмайди.

Хусусан, 2015 йил 24 декабрда ҳукумат тасдиқлаган Йўл ҳаракати қоидаларига ўтган даврда 6 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, мазкур ўзгартиришларга асосан МЖТКда белгиланган санкцияга асосан ҳуқуқбузарни жавобгарликка тортиш мумкин. Яъни, бунда ҳар сафар қоидалар ўзгаргани сабабли парламентга мурожаат қилинмайди. Бу оддий мантиқдан ҳам келиб чиқади.

Юқоридагиларга кўра олдин бошқа асос билан киритилган маъмурий жавобгарликнинг қўлланиш доираси асоссиз кенгайтирилаяпти деган фикр ўринли эмас. МЖТК матнида айрим турдаги эмас, умуман автомототранспортларнинг ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши ҳайдовчини жаримага тортишга сабаб бўлади дейилган.

2) Қарорнинг кучга кириш муддати масаласида шуни айтиш лозимки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ қонун ҳужжатларининг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Ҳукуматнинг бу қарори жорий йилнинг 10 апрелида расман эълон қилинган ва унда кучга кириш муддати кўзда тутилмаган. Шунга кўра қарор 10 апрелдан кучга кирган ҳисобланади. Бу ўринда қонунчилик нуқтаи назаридан муаммо йўқ.

3) “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга асосан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши кўрсатилган ва амалиётда бу норма тўлиқ қўлланаяпти.

Яъни, қонунчиликдаги мазкур талаб бевосита тадбиркорга унинг тадбиркорлик субъекти мақомидаги ҳолатига, фаолиятига таъсир ўтказадиган ҳолатда қўлланади. Транспортларнинг чироғини ёқиб юриши ҳақидаги талаб билан тадбиркорлик фаолиятини юритиш қийинлашиб ёки осонлашиб қолмайди, бунинг айнан тадбиркорлик фаолиятига алоқаси йўқ.

Йўл ҳаракати қоидалари универсал ва ҳаммага бир хил татбиқ этиладиган ҳуқуқий нормалар йиғиндисидир, бу борада йўл ҳаракати иштирокчилари бир хил мақомга эга. Шундай экан, йўл ҳаракати иштирокчилари нуқтаи назаридан ҳар қандай янги қоида ва талаблар фуқаролар учун бир муддатда, тадбиркорлар учун бошқа муддатда кучга кириши мантиққа зид бўлади.

4) Қарор лойиҳаси бошқа турдаги экспертизалар ўтказилгандан сўнг Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва тегишли таклиф-мулоҳазалар берилган. Шундай экан, депутатларнинг қонун ҳужжатлари Адлия вазирлиги томонидан барча қонуний талабларга мувофиқ экспертизадан ўтказилишини асоссиз равишда шубҳа остига олишлари мутлақо ноўриндир.


Адлия вазирлиги МЖТК лойиҳаси устида ишлаётгани ва унда маъмурий жазо чоралари тизимини либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтган.