Адлия вазири барча маҳаллий ҳокимликлардан фуқароларнинг уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишларига чек қўйишларини талаб қилди. Бу ҳақда Русланбек Давлетов вазирликнинг 27 июлдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида айтган. Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мажлисда Русланбек Давлетов бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бўлган уй-жойлар бузилишига эътиборни қаратди.

«Мулк дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланган давлатнинг ўзи йўқ бутун дунёда. Бу эса бизнинг қонунларимизда битилган энг олий нормалардар биридир ва барча муносабатлар тўлалигича тартибга солинган. Лекин амалда ушбу тартиб ва қоидалар мутасаддиларнинг эсидан чиқиб кетди. Натижада уй-жой масаласида қонун устуворлигига жиддий путур етди.

Бу нима деган гап? Одамларни уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўламаслик, ахир бу вахшийлик-ку! Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди, бу Ўзбекистон тан олган халқаро ҳужжатларга ҳам тўғри келмайди!», – деган вазир.

Бу масалани адлия органининг ҳар бир ходими ўзига алоҳида устувор вазифа сифатида белгилаб олиши зарурлиги таъкидланди.

Адлия вазирининг сўзларига кўра, адлия тизими бу муаммо кўлами бугунги кундагидай бўлишидан 3 ой олдин ўз таҳлилларини ва чораларини бошлаган эди. Хусусан, 2019 йилнинг май-июн ойларида кўчмас мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича акция ўтказилди. Акция доирасида мурожаатларни кўриб чиқишда 874 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди.

Натижада мулкдорларнинг манфаатларини кўзлаб 236 та тақдимнома, 100 та огоҳнома, судларга 360 та даъво аризаси киритилиб, 30,3 млрд сўм ундириб берилди.

«Ҳамма шаҳарлар янгидан қурилади, эскиси бузилади, ободонлашади, бу табиий жараён, барча жамиятларга хос бўлган ҳолат. Лекин XXI асрда яшаётган цивилизацион жамият сифатида барча ҳаракатлар учун қонун энг асосий мезон бўлиши керак, одамлар ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига, қонунни бузиш эвазига ҳеч қандай қурилиш ёки ободонлаштириш бўлиши мумкин эмас.

Шунинг учун, биз – адлия ходимларининг биринчи даражадаги вазифаси бу борадаги қонунбузилишларнинг олдини олишдир.

Уй бузилиши қандай оғир масала эканини ҳар бир ходим ўз юрагидан ўтказиши керак, яъни оддийгина ўзларингни шу инсонларнинг, уларнинг фарзандларининг ўрнига қўйиб кўринглар, бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Кейин яна битта жиҳатни эътиборга олинглар, гап фақат моддий бойлик бўлмиш иморатда эмас, уй-жой билан инсонларнинг шу уйга боғлиқ хотиралари ҳам ўчирилади. Туғилиб ўсган жой, ёшликда ўйнаб-кулиб юрган ҳовли, болаликдаги хотиралар, керак бўлса ҳар бир хонадоннинг ҳиди инсон учун қадрли, кўп уйлар авлоддан авлодга ўтиб келаяпти, бу юксак шахсий номоддий бойлик ва инсон ҳаётидаги ажралмас хотиралардир», – деган вазир.

Амалиётдаги муаммолардан келиб чиқиб вазир адлия органлари ходимлари олдида турган муҳим вазифалар этиб:

  • барча маҳаллий ҳокимликлар фуқароларнинг уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишга чек қўйиши;
  • бутун адлия тизими раҳбарлари, мутасаддилари ва ходимлари ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда уй-жойлар бузилиши жараёнида Ўзбекистон қонунларига амал қилиш юзасидан чоралар кўришларини белгилади.

Мажлис давом этмоқда.