Аденоидлар – ЛОР тажрибасида болаларда тез-тез учраб турадиган касаллик. Бу бодомсимон безни даволашда олдин у қаерда жойлашиши ва нима вазифа бажариши ҳақида гаплашамиз.

Аденоидлар бурундаги безнинг патологик катталашишидан ҳосил бўлади. Номидан кўриниб турибдики, у бурун бўшлиғида жойлашган бўлади. Аденоидлар вужудни бурундан ҳиқилдоққа тушадиган инфекциялардан ҳимоя қиладиган лимфа тўқималаридан иборат. Бу касаллик асосан 3-7 ёшли болаларда учрайди.

Аденоидларни оддий кўз билан кўриш қийин, шунинг учун ЛОР шифокорлари махсус кўзгудан фойдаланишади. Кўпчилик аденоидлар билан аденоидитни адаштиради. Аденоидит аденоидларнинг яллиғланиши бўлиб, аденоидлар катталашишига олиб келади. Аденоидлар катталашишига бурун шиллиқ пардасининг инфекцияланиши, нафас олиш йўллари инфекциялари ва аллергия сабаб бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, аденоидларни ўз вақтида даволамаслик болалар кежалаги учун хавфлидир. Болалар кейинчалик кар-соқов бўлиб қолиши ҳам мумкин.

1Аденоидит белгилари

Аденоидларнинг асосий белгилари қуйидагилар:

  • асосан ухлаётганда оғиздан нафас олиш;
  • тумов бўлмаганда бурундан кучсиз нафас олиш;
  • даволаш қийин кечадиган сурункали шамоллаш.

Аденоидларнинг асоратлари:

  • Эшитиш қобилиятининг пасайиши – аденоиднинг катталашиши евстахий найчаси (ўрта қулоқ бўшлиғини бурун-томоқ бўшлиғи билан туташтирувчи найча) тешигини тўсиб қўяди, натижада нафас олиш қийинлашади. Қулоқ пардаси эшитиш қобилиятининг кучлилигига таъсир ўтказа оладиган даражада ҳаракатчан бўлиб қолади.
  • Тез-тез шамоллаш – катталашган аденоидлар бурун тешигидан оқадиган шилимшиқ суюқлик йўлини тўсиб қўяди. Бурундан сув оқишининг тўхташи бактерия ва вирусларнинг кўпайиши учун қулай бўлиб, яллиғланиш кучайишига олиб келади.
  • Аденоидит – аденоидларнинг яллиғланиши. Аденоидларнинг тез катталашиши бурундаги бодомсимон без тўқималарининг сурункали яллиғланишига сабаб бўлувчи кўп бактерия ва вирусларни чақиради. Бу ҳолатда аденоидлар бутун организмга тарқаладиган микроблар учун сурункали инфекциялар манбаси бўлиб қолади.
  • Нутқнинг бузилиши – аденоид даврида бош чаноғининг юз суяклари ўсиши бузилади. Бола димоғидан гапиришни бошлайди, айрим ҳарфларни нотўғри талаффуз қилади. Бундай пайтда шунақа ўзгаришларга эътибор бериш ва дарҳол шифокорга учрашиш керак.
  • Дарсларни қолдириш – бурун орқали нафас йўллари бузилганда бош мияга кислород етказиб бериш ҳажми тахминан 18 фоиз камаяди. Кислород етишмаслиги фикрлаш қобилиятига, боланинг ақлий ривожланишига салбий таъсир қилади.
  • Қулоқ оғриши – катталашган аденоидлар евстахий найчаси тешигини ёпиб қўяди, бу эса бактерия ва вируслар авж олишига, қулоқ оғриши кучайишига олиб келади.
  • Нафас йўллари касаллиги – бурун тешигидаги сурункали инфекция касаллиги пастки нафас йўлларини зарарлайди. Натижада фарингит, ларингит, трахеит ва бронхит кучаяди.

2Болалардаги аденоидлар босқичлари

Аденоидлар уч босқичда катталашади. Биринчи босқичда кундузи нафас олиш осон бўлади, кечаси ухлаётганда, аксинча, қийинлашади.

Иккинчи босқичда бурундан нафас олиш кундузи ҳам, кечаси ҳам қийинлашади. Уйқу пайтида хуррак отиши ҳам мумкин. Болалар одатда оғзини очиб ухлашади.

Учинчи босқичда бурундан нафас олиш бутунлай издан чиқади, бола фақат оғзидан нафас олади. Бу аденоидларнинг энг оғир босқичидир.

3Аденоидни даволаш

Аденоидларни жарроҳлик йўли билан ва операциясиз даволаш мумкин. Биринчи босқичдаги аденоидлар учун операция шарт эмас. Бу ҳолатда:

  • бурунга томчи дори сепилади;
  • бурун бўшлиғи тузли қоришма (аквамарис) билан ювилади;
  • гомеопатик воситалар ёрдамида даволаш;
  • гиёҳлар – қизилпойча (зверобой), дорихона мойчечаги билан бурунни ювиш.

4Операция қилиш керакми?

Аденоидларни жарроҳлик усули билан олиб ташлаш ҳамма болаларга ҳам тавсия этилмаган. Бу усул асосан иккинчи ва учинчи босқичдагиларга қўлланади. Яъни без тўқимасининг сезиларли катталашиши ва бошқа аломатлар – қулоқ оғриши, эшитиш пасайиши, тез-тез шамоллаш, нутқнинг бузилиши ва бурундан нафас олишнинг қийинлашиши кузатилганда жарроҳлик амалиёти қўлланади.

5Туядарахт мойидан фойдаланиш

Аденоидларни даволашда туядарахт (сарвгулдошлар оиласига мансуб арчасимон ўсимликлар туркуми) мойи билан ингаляция қилиш самарали усуллардан бири экани исботланган. Бу мой шишни йўқотади ва бурундан нафас олишни осонлаштиради, тўқималар қайта тикланади ва аденоид ҳажми кичраяди.

Аденоидни даволашда туядарахт ёғидан эфир мойи ёки гомеопатик восита сифатида фойдаланиш мумкин. Муолажа пайтида гомеопатик туядарахт мойи қоришмасидан бурунга томизиш (буруннинг ҳар икки тешигига икки томчидан) керак. Эфир мойини 1:7 нисбатда тайёрлаш лозим (аралашмаган эфир мойини бурунга томизиш мумкин эмас, чунки унда заҳарли моддалар бор).

Туядарахт мойидан массаж пайтидаги буғли ингаляция учун ҳам фойдаланиш керак. Лекин уни бошқа мой билан аралаштириш зарур.

Бу мойдан фойдаланиш касалликни жарроҳлик йўли билан даволашгача олиб бориш эҳтимолини анча камайтиради.

6Уй шароитида даволаш мумкинми?

Аденоидни уй шароитида даволаса ҳам бўлади, фақат ЛОР шифокорининг қатъий тавсияси бўлиши шарт. Аденоидни операция билан олиб ташлаш стационарнинг қатъий шартлари билан амалга оширилади.

Операция аденоидлар тўқималари ўсиши хавфи катта бўлганда беш яшар болаларга рухсат этилади. Операциядан кейин 10 кун давомида парҳез қилиш керак: қайноқ, қаттиқ овқатларни емаслик лозим. Бир ой давомида эса жисмоний зўриқишлардан холи бўлиш тақозо этилади.

7Касалликнинг олдини олиш

Аденоиднинг олдини олишда соғлом турмуш тарзига амал қилиш, иммунитетни мустаҳкамлаш, жисмоний зўриқишларга йўл қўймаслик ва тўйиб овқатланиш талаб этилади. Болалар қум ва маиший кимёвий моддалардан ўзларини олиб қочишлари керак.