Бош вазир Абдулла Арипов 2019 йил 1 август куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, банк-молия, фан-техника, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик йилдан йилга ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 446,5 миллион долларга етиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар ошгани қайд этилди.

– Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имконига эгамиз, – деди Абдулла Арипов. – Бунинг учун мамлакатларимизда етарли салоҳият мавжуд.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф давомида Абдулла Арипов Қирғизистон бош вазири Муҳаммадқалий Абулғозиев билан учрашиши режалаштирилган. Томонлар икки мамлакат президентлари учрашувларида эришилган келишувларнинг ижроси, уларни тўлиқ рўёбга чиқаришнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қилади. Шунингдек, ҳукуматлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.