Савол. Қизим январда туғилган. Нима қилишни билмаяпман, уни мактабга олти ярим ёшдан берганим яхшими ё етти ярим ёшдан? Бир томондан болани қийнаб қўйишни хоҳламайман, иккинчи тарафдан синфда энг каттаси бўлиб қоладими деган хавотирдаман.

Халқ таълими вазирлиги Ўқувчи ва ёшлар ташкилотлари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, психолог Акобир Абдуллаевнинг айтишича, бола ўқиш, санаш ва ёзишни билишдан ҳам кўра аввало мактабга психологик жиҳатдан тайёр бўлиши керак.

Баъзи бир хусусиятлар борки, уларсиз мактабда ўқиб бўлмайди: катталарни тинглай олиш, уларга муносиб муомала қилиш, тенгдошлари билан келиша олиш, ўзига ўзи хизмат қила олиш.

Бу борада ягона андоза йўқ. Вундеркинд бўлиб, мактабга олти ёшдан борганлар бор, аммо улар ҳам синфдошларига етолмай қийналиши мумкин.

Деярли ҳар бир мактабда шундай масалаларни ҳал қилувчи ижтимоий-психологик хизмат, психологик-педагогик комиссия бор. Улар хулоса беради. Агар боланинг ёши олти яримдан кичик бўлса, психологлар билан албатта маслаҳатлашиш керак.

Мия босимларга етарлича тайёр бўлиши керак. Бошланғич мактабда бола учун энг муҳим бўлган режалаштириш ва назорат қилиш қобилиятига миянинг олд қисми жавоб беради, у эса кечроқ етилади. Ота-оналар “Болам узоқ вақт мултфилм кўриб, расм чизиб ё бўяб ўтира олади-ку” дейиши мумкин. Лекин мактаб фақат ўйин-кулгидан иборат эмас-ку.

Мактаблардаги психологик-педагогик комиссияга психолог, дефектолог, логопед ва нейропсихолог киради. Болани текширишда ота-онаси ҳам қатнашади. Текширув 40 дақиқадан бир соатгача давом этади. Тест вақтида биз бир нечта муҳим аломатларни аниқлашга ҳаракат қиламиз:

  1. Боланинг неврологик соғломлигини. Масалан, ортиқча қўзғалувчанлик, бош мия қобиғининг етилмаганини (буни ташқи аломатларга қараб билса бўлади) аниқлашимиз мумкин. Бундай болаларга олти ярим ёшдан мактабга бориш ҳали вақтли. Уларнинг асаб тизими маълумот олиш суръатлари ва босимни ҳали кўтара олмайди.
  2. Боланинг шахс сифатида етуклигини. Бунда боланинг ҳиссий (эмоционал) тайёрлиги текширилади. Биз буни тестлар ёрдамида аниқлаймиз. Бола ҳалиям ўйинқароқми ё билим олишга тайёрми – маълум бўлади.
  3. Боланинг ақлий ривожланиш даражасига қараймиз. Масалан, бола кўрсатмаларни қандай тушуниши ва буларни бошқа нарсаларга татбиқ эта олиш-олмаслигини кузатамиз. Ёки нимадир чизишни, ёки расмларни маълум тартибда жойлаштириб, ҳикоя тузишни сўраймиз.
  4. Логопед боланинг қандай гапириши ва нима дейишини кузатади.
  5. Бундан ташқари биз синов жараёнида боланинг ихтиёрийлиги даражасини аниқлаймиз – бу ўйинни эслатади, лекин унча хоҳламаган ишингни бажаришга ҳам тўғри келади. Бола ўз ҳаракатларини назорат қила олиш-олмаслигини шу тариқа аниқлаймиз.

Махсус Филиппин тести мавжуд. Бунинг учун бола ўнг кўрсаткич бармоғи билан бошини тик тутиб (бошининг устидан қўлини ошириб) чап қулоғининг кенг токчасини ёпа олиши керак. Одатда бола олти ёшдан кейин бу ҳаракатни қила олади.

Иккинчи, бола олти ёшга тўлгач табиий ҳаракатлардан (юриш, югуриш, бир ва икки оёқда сакраш, ошиб тушиш, тирмашиб чиқиш ва ҳ.) ташқари кундалик турмушдаги маданий иш-ҳаракатларни мустақил қила олиши керак. Мисол учун, кийимини кийиш, ечиш, тахлаш; тугма ва замокларни қадаш ҳамда бўшатиш; пойабзал кийиш, боғичларини боғлаш каби ишларни тез ва пухта бажара олса, бу унинг мактабга чиқиш учун жисмоний жиҳатдан (суяк-мушак ва таянч ҳаракат тизими) тайёрлигини билдиради.

Учинчи, бармоқларнинг нозик ва тўғри харакатланишидан боланинг нутқи қай даражада ривожланганини билиб олса бўлади, чунки бармоқларнинг ҳаракатлари бош мия яримшарларидаги нутқ марказлари билан боғлиқдир.

Бола нутқининг ривожланганлик даражасини билиш учун эса қуйидаги тестлардан фойдаланиш мумкин:

  • 20 сонияда саккизта 5 см узунликдаги тўғри параллел чизиқ чизиш;
  • айлана (копток), тўртбурчак (қути), учбурчак (том) шаклларини қоғозда тўғри чизиш;
  • 1 дақиқада 5 см диаметрли доирани қайчи билан қирқиш (иккита хато қияликка йўл қўйиш мумкин).

Тўртинчи, бунда Керна номли боланинг мактабга тайёрлик даражасини аниқлаб берувчи энг мукаммал тестларнинг биридан фойдаланилади. Бу тест учта топшириқдан иборат:

  • бола одам гавдасини қоғозда тасвирлаши;
  • ёзма ҳарфларда ёзилган қисқа учта сўзни (олма, калит, уй каби) кўчириши;
  • бешбурачак шаклида қўйилган ўнта нуқтани бирлаштириб (чизиб) шаклни ҳосил қилиши керак бўлади.

Ҳар бир топшириқ 1 дан 5 баллгача, энг қониқарсиз ҳолат 5 ва энг аъло ҳолат 1 тарзида баҳоланади. Шунда 5-9 гача балл тўплаган бола мактабга ўртача етук ҳисобланади. Агар бола 10 баллдан юқори балл тўпласа у ҳали мактабга чиқиш даражасига етмаган деб топилади.

Баҳолаш мезонлари: болага одам гавдасини тасвирлаш айтилганда, у одамнинг ўзига хос табиий жиҳатлари ва деталлари (кўз, қулоқ, бурун, соч, бармоқлар, кийимлар ва ҳ.) билан тасвирлаши; сўзларни кўчираётганда ҳарфларнинг шаклларини аниқроқ ўхшатиб ёзиши; 10 та нуқтадан тўғри ва аниқ бешбурчак ҳосил қилиши лозим бўлади.

Керна тестининг аҳамияти шундаки, у орқали боланинг психик ривожланиш даражаси, ҳаракат координацияси ва фаолият мақсадини билиш кўрсаткичи, реал ҳаёт воқеа-ҳодисаларини англаш ҳамда ижтимоий ривожланиш даражаси аниқланади.

Хулоса қилиб айтганда, бола олти ёшда мактабга чиқишга тайёр бўлмайди, балки унда тайёргарлик жараёни кечади ва 7 ёшда тайёр ҳолатга ўтади.

Агар бола юқорида келтирилган тўртта талабга жавоб бермаган ҳолда мактабга чиқса, унда жисмоний ва ақлий зўриқиш пайдо бўлади. Бунинг натижасида эса дарсларни ўзлаштира олмаслик, қаттиқ чарчаш, ҳатто асабийлик ва стресс ҳолати ҳам юзага келиши мумкин. Яна булар болага психологик жиҳатдан таъсир этиб, унда ўқишга бўлган муҳаббат сўнишига олиб келади.

Шунинг учун мактабга беришдан олдин болани педагог-психолог кўригидан ўтказиш ҳамда унинг маслаҳатлари билан болада керакли кўникмаларни шакллантириб бориш зарур.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, болани мактабга тайёрлашда унга юкламаларни кўп қўйиб юбормаслик, бошланғич синф материалларини болага мажбурлаб ўргатмаслик талаб этилади. Акс ҳолда болада юқорида санаб ўтилган салбий оқибатлар кузатилиши мумкин.