«Ҳозирги кунда 28 мингдан ортиқ бола Тошкентдаги 81 та талабгир мактабнинг микроҳудудида яшаса-да, лекин унга кира олмай, бошқа мактабларда ўқишга мажбур бўлиб келмоқда. Уларнинг конституцион ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?», – деб ёзган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook саҳифасида.

Вазирнинг айтишича, уларнинг бу мактабларга киролмаганига шу вақтгача асосан бошқа микроҳудудлардан таниш-билиш орқали болалар қабул қилиниб, уларга жой етмай қолгани сабаб бўлган.

«Янги тизим айнан шундай болаларга қулайлик яратади, ўзининг микроҳудудидаги мактабга таниш-билишсиз, бепул кира олади (аввал бунинг имкони йўқ эди!). Биронта бола микроҳудуддан қамраб олинмасдан қолиши мумкин эмас», – дейди вазир.

Шерматовнинг тушунтиришича, аввал шу мактаблар микроҳудуди тўлиқ қамраб олинади, ундан кейин агар жой қолсагина қўшимча квота бўйича олиш мумкин бўлади.

Халқ таълими вазирлиги таклиф қилаётган янги тизимга кўра энди мактабга қўшимча квоталар орқали ҳам қабул амалга оширилиши мумкин. Бу ҳозирча Тошкентдаги 81 та мактабда синов тариқасида жорий этилади.

Қўшимча квота бўйича мактабларга қабул қилиш учун бир болага нисбатан қуйида назарда тутилган ҳолатларнинг ҳар бир банди бўйича ота-оналарнинг розилиги асосида энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғимлар ундирилади:

  • а) микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги болалар;
  • б) микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган, яъни тегишли йилнинг 1 январидан 31 августига қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар;
  • в) умумтаълим муассасаларида (микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари) таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун.

Мазкур маблағлар мактабдаги шароитларни яхшилаш ҳамда мактаб ўқитувчилари ва директорини рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Шерзод Шерматов бунгача ҳам мазкур янги тизим бўйича батафсил тушунтиришлар берган. Биттасида нуфузли мактабларга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион механизмини батафсил изоҳлаган бўлса, иккинчисида самарали ишлаётган директорларни қўллаб-қувватлаш эвазига коррупцияга барҳам бериш йўлларини айтган.