20 июндан Интерактив давлат хизматлари ягона портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали 1-синфларга ҳужжатларни қабул қилиш бошланади. Мактаб ёшига етган болалар фақатгина ўзи яшаётган микроҳудуддаги мактабларга қабул қилиниши мумкин.

Бугун бўлиб ўтган брифингда халқ таълими вазири шу ҳақда маълумот берган. Унинг айтишича, қўшимча квота бўйича масала ҳозирча номаълум муддатга кечиктирилган. Шунинг учун микроҳудуддан ташқарида яшовчи фуқаролардан ҳужжат қабул қилишда ҳеч қандай тўлов ундирилмайди. Бироқ ўша микроҳудуддаги болалардан жой ортган тақдирдагина қўшимча қабулга рухсат берилади.

"Авваламбор, биз микроҳудуддаги болаларни мактабга жойлаймиз. Жой қолсагина, қўшимча квота бўйича қабулни амалга оширамиз".

Шерзод Шерматов

Шунингдек, 7 ёшга тўлмаган болаларнинг ўқишга тайёрлиги Давлат хизматлари агентлигида ташкил этиладиган ХТВ мутахассисларидан иборат комиссия томонидан суҳбат жараёнида аниқланади. Таълим тилини билмайдиган болаларга фақат ўзи мулоқот қила оладиган тилда таълим бериладиган мактабларда ўқишига рухсат этилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳужжатнинг асосий мақсади:

  • микроҳудуддаги болаларни мактабга жойлаш;
  • талаб катта бўлган мактаблардаги коэффициентни барқарорлаштириш;
  • бир синфда ўқувчилар сонини 35 тадан оширмаслик;
  • мактаб ёшига етмаган ва таълим тилини билмайдиган болаларни қийнамаслик;
  • мактабларга қўшимча пул топиш имкониятини яратиш.

Брифингда халқ таълими вазири 2019/2020-ўқув йили учун 1-синфга қабул асосий квота бўйича амалга оширилишини айтган.