Ўзбекистоннинг сайёҳлик марказларидан бўлмиш Бухоро шаҳрида икки кун ичимлик суви берилмади. Сув йўқлигидан айрим ошхоналар ишламаган. Ташқи ишлар вазирлиги Бухорода синов тариқасида ҳаводан сув ишлаб чиқарувчи ускуна ўрнатилишини маълум қилди.

"Бухорода қизиқ ҳолат. Шаҳарда охирги икки кун умуман сув бўлмапти, ремонтмуш. Кеча эрталабдан Эски шаҳардаги нечта ошхона, ресторанга кирмай овқат йўқ, сув йўқлигига қилолмадик дейишди. Туристлар сув йўқлигидан чўмилиш уёқда турсин, туалетга ҳам кирмай юришибди. Уят", деб ёзди 3 май куни Twitter фойдаланувчиси.

  • Би-би-си Бухородаги бир неча меҳмонхона билан боғланди.
  • Уларнинг ҳаммаси шаҳарда ичимлик суви бўлмаганини тасдиқлашди.
  • Маълум бўлишича, 1,5 кун давомида чучук сув чиқмаган.

"Бизни бир кун олдин огоҳлантиришди. Шаҳарда қурилиш ишлари кетаётгани учун қувурларни бир-бирига улаш керак экан. Шунга 1,5 кун ичимлик суви бўлмади. Аммо меҳмонларимизда бу борада муаммо кузатилмади. Чунки меҳмонхона 2 тонналик сув ғамлаб қўйган эди. Ҳозир муаммо йўқ", дейди Бухородаги меҳмонхона ходимларидан бири.

Бухоро вилоят ҳокимияти сайтида бир кун олдин 1 май куни куни Бухоро шаҳри, тумани ва Когон туманида 16 соат ичимлик суви бўлмаслиги ҳақида эълон жойлаштирилган.

"Эртага, 1 май куни соат 04:00 дан 20:00 га қадар Бухоро шаҳри ва тумани, шунингдек, Когон тумани ҳудудидаги барча истеъмолчилар сув таъминотидан узиб қўйилади", дейилади эълонда.

Ҳокимият нима сабабдан сув таъминоти узилишини ёзмаган ва истеъмолчиларга муқобил вариантлар таклиф этмаган.

Ҳокимият матбуот хизмати билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шўрхон ерлар устида жойлашган Бухорода чучук сув муаммоси борлигини вилоят ҳокими Ўктам Барноев ҳам тан олган.

2017 йил август ойида Пресс-клуб анжуманида гапирган ҳоким одамлар чимлик сувини сотиб олаётганидан хабари борлигини таъкидлаган.

"Аҳолининг ичимлик сувлари билан таъминлаш бўйича муаммолар ҳам бор. Ер ости сувларимиз истеъмолга яроқсиз. Одамлар истеъмол учун чучук сувни харид қилишаётганидан хабардормиз. Самарқанддан Дамхўжа сув станциясидан чучук ичимлик суви келтирамиз. Айни дамда вилоятимиздаги ҳар бир аҳоли пунктини ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Хариталар тайёрланган. Энг оғир ҳудудлар, биринчи навбатда, чучук сув билан таъминланади", - деган вилоят ҳокими.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 4 май куни Исроилнинг Watergen ширкати Бухорода ҳаводан ичимлик суви ишлаб чиқарувчи ускунани синаб кўришини маълум қилди.

Вазирлик хабарида айтилишича, синов тариқасида ўрнатиладиган ускуна бир кунда 900 литр чучук сув ишлаб чиқаради.

12-16 май кунлари Watergen ширкати вице-президенти Михаил Рутман тажрибани расман ишга тушириш ва келишувлар олиб бориш учун Бухорога келади.