Халқ таълими вазирлиги пойтахтдаги мактабларга қабул жараёнларида ота-оналар кўп дуч келган саволларга аниқлик киритди.

1. Барча мактабларга ҳужжатларни Давлат хизматлари марказлари орқали топшириш керакми?

Йўқ, фақат 81 та мактабга Давлат хизматлари марказлари орқали топширилади. Қолган 228 та мактабга ҳужжатлар мактабда қабул қилинади.

2. 81 та мактабнинг микроҳудудини қаердан билса бўлади?

А) qabul.uzedu.uz сайти орқали.

Б) Давлат хизматлари марказлари орқали.

В) мактаблар орқали.

3. Қўшимча квота қачон очилади?

1 август кунига қадар микроҳудудда яшовчи 7 ёшдаги болалар мактабга жойланади. Мактабларда бўш жой қолса, қўшимча квота очилади.

4. Вақтинчалик пропискага эга шахслар нима қилиши керак?

Вақтинчалик пропискага эга шахслар қолган 228 та давлат мактаби ва 40 та нодавлат мактабга ҳужжат топширишлари мумкин.

5. Микроҳудуд бўйича таълим рус тилида олиб борилувчи синфлар бўлмаса нима қилиш керак?

Рус тилида таълим бериладиган синфлари йўқ мактабларда бундай синфлар очилади. Рус тили синфларини очиш имкони бўлмаса, ота-оналар Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига мурожаат қилишлари керак. Бош бошқарма мутахассислари рус тили синфи мавжуд мактабга болани бепул йўналтиради.

6. Бола акаси ёки опаси таълим олаётган мактабда таҳсил олиши мумкинми?

Агар боланинг акаси ёки опаси тасдиқланган 81 та мактаб рўйхатига киритилмаган ўрта умумий таълим муассасасида таълим олса, бола Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “​Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида​”ги қарори талаблари асосида мактабга қабул қилинади. Ота-оналар мактабга тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари лозим.

Рўйхатга киритилган 81 та мактабга бу гуруҳдаги болалар асосий квотага қабул тугаганидан сўнг ва мактабда бўш ўрин мавжуд бўлганда қўшимча квота асосида қабул қилинади.