2019 йилги “Global Teacher Prize” халқаро мукофоти Кениянинг чекка бир қишлоғидаги мактаб ўқитувчисига насиб қилди. Нима учун ўзбекистонлик ўқитувчилар шундай мукофотни қўлга киритмайди? Ўзбекистонда ҳам шундай мукофотга лойиқ, аммо халқаро танловда қандай иштирок этишни билмайдиган ўқитувчилар борлигига ишонамиз. Қуйидаги маълумотлар уларга асқотади.

1Мукофотни олиш учун нима қилиш керак?

Агар сиз:

  • хоҳ тўлиқ, хоҳ ўриндошлик асосида ёки онлайн шаклда дарс берасизми, бундан қатъи назар, мактабгача таълим муассасасида (4 ёш ва ундан катталарга) ва мактабларда (18 ёшгача бўлганларга) дарс берсангиз;
  • ҳафтасига камида 10 соат ўқувчилар билан юзма-юз бўлсангиз;
  • келгусида камида 5 йил таълим бериш режангиз бўлса, мукофотга ариза топширишингиз мумкин.

Мукофот дунёнинг исталган давлатидаги мактаб ўқитувчиларига берилиши мумкин.

2Ўқитувчилар қандай мезонларга кўра баҳоланади?

  • Таълим беришда бутун дунё миқёсида татбиқ қилиш мумкин бўлган методлар, усулларни қўллаётгани;
  • Муайян давлат, жамият ёки мактабда таълим беришдаги маълум камчиликларни тузатувчи инноватив амалиётни жорий қила олиши;
  • Ўқувчилари кўзга кўринарли натижаларга эришгани;
  • Таълим беришда нафақат мактаб, балки жамиятда ҳам намуна бўла оладиган педагогик таъсирга эга бўлиши;
  • Ўқувчиларни келажакка – турли миллат, маданият ва динлар қоришиқ яшайдиган жамиятларга мослашган қадриятларга эга қилиб тарбиялаш;
  • Ўзи яшаётган давлат ҳукумати, миллий таълим ташкилотлари, ҳамкасблари эътирофига сазовор бўлганлиги.

3Танловга ариза қандай топширилади?

Аризалар фақат онлайн шаклда топширилади. Офлайн шаклдаги аризалар қабул қилинмайди.

4Аризалар қайси тилда ёзилади?

Инглиз, француз, испан, араб, португал, рус ва хитой.

5Иш тажрибаси неча йиллик бўлиши лозим?

Номзодларда аниқ бир муддат иш тажрибасига эга бўлиш талаб қилинмайди.

6Танлов қандай амалга оширилади?

Танлов уч босқичда амалга оширилади. Дастлаб юборилган аризалар орасидан 50 нафар номзод сараланади, сўнгра уларнинг орасидан 10 нафар финалчи аниқланади. Охирида ўша 10 нафар финалчи ичидан ғолиб саралаб олинади. Номзодларнинг 50 кишилк рўйхатига кирмаган номзодларга хабарнома юборилмайди. Саралашдан ўтганларга ҳар бир босқичда хабарнома юбориб турилади.

7Мукофот пули қандай шаклда олинади?

Мукофот пули 1 миллион АҚШ доллари қийматида бўлиб, 10 йилда тенг миқдорда бўлиб-бўлиб тўланади.

8Шу пайтгача кимлар ғолиб бўлган?

2019 йили Петер Табичи (Кения); 2018 йили Андриа Зафираки (Англия); 2017 йили Магие Макдоннел (Канада); 2016 йили Ҳаннан ал-Ҳруб (Фаластин); 2015 йили Нансие Атвел (АҚШ).

СССР таркибида бўлган давлатлардан грузиялик ўқитувчи 2019 йили, Марказий Осиё давлатларидан афғонистонлик ўқитувчи 2015 йилда танловнинг финалчиси бўлишган.