Кениянинг олис Пвачи қишлоғида камбағаллар мактабида табиий фанлар ва математикадан дарс берувчи Петер Табичи дунёдаги энг яхши ўқитувчи деб топилди. Унга Дубайда бир миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот берилди.

Петер Табичи таълим берган болалар гарчи Кениянинг энг қашшоқ ҳудудидаги эътибордан четда қолган мактабда ўқишса-да, мамлакат миқёсидаги фан олимпиадаларида биринчи ўринни олишган.

"Табичининг меҳнати, ихлоси ва ўқувчиларига бўлган ишончи унинг шогирдлари табиий фанлар мусобақасида Кениянинг энг сара мактабларининг ўқувчиларидан ҳам ўтиб кетишига сабаб бўлган", – дейилади мукофотга ҳомийлик қилган Дубайдаги “Варкей фонди”нинг ахборотида.

Роҳиб-ўқитувчи бўлган Петер Табичи ойлик маошининг 80 фоизини камбағал ўқувчиларга тақсимлаб бериб келган.

  • Мактаб жойлашган ҳудуд чала суғориладиган, қурғоқчил бўлиб, тез-тез очарчилик бўлиб туради.
  • Мактаб ўқувчиларининг 95 фоизи қашшоқ оилалар фарзандлари, учдан бири буткул ёки чала етим.
  • Мактабда гиёҳвандлик, вояга етмаганлар ҳомиладорлиги ва никоҳи, мактабни эрта ташлаш, суицид кенг тарқалган.
  • Айрим болалар ёғингарчилик мавсумида юриш оғир бўлган 7 км йўлни пиёда босиб мактабга боради.
  • Мактабда ҳар бир ўқитувчига 58 ўқувчи тўғри келади. Бор-йўғи битта компьютер бор, интернет суст ишлайди. Шундай бўлса-да, Табичи дарсларининг 80 фоизида компьютердан фойдаланган.