Бир гуруҳ таълим жонкуярларининг ташаббуси билан масофавий таълим соҳасидаги машҳур Хон академиясининг маърифий видеолари ўзбек тилига ҳам ўгирила бошланди. Ҳукумат ҳам бу платформани маҳаллийлаштириб, оммалаштирмоқчи.

Энг аввало математика фанидан дарслар ўзбекчага таржима қилинди. Хон академиясининг жами 9 минг видео дарсларини матнлари билан бирга таржима қилиш кўзда тутилган. Шу боис лойиҳа ҳомийлик маблағларига муҳтож. Лойиҳа раҳбари Ботир Орифжоновнинг айтишича, лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши таълим жонкуярларининг хайрияларига боғлиқ.

“Бу шунчаки гап эмас, биз сизнинг ёрдамингизга ҳақиқатан ҳам муҳтожмиз! Click ва Payme орқали лойиҳамизга хайрия қилинг. Бундан ташқари, бизни GoFundMe орқали ҳам қўллаб-қувватлашингиз мумкин", – дейди лойиҳа раҳбари.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқа ҳомийлардан ҳам яна шунча маблағ тўплаш шарти билан лойиҳа учун 50 минг АҚШ доллари ажратган.

Хон академияси дарслари ўзбек тилида берилиши нимаси билан муҳим: Ўзбекистонда халқ таълимининг сифати паст, дарсликлар маънан эскирган. Халқ таълими вазирлиги томонидан бу борада муайян ишлар қилинаётган бўлса ҳам бу муаммоларни ҳал қилиш ҳали анча вақтни олади. Хон академиясининг 30 дан ортиқ фан бўйича тайёрланадиган ўзбекча дарслари бу камчиликларни қисман ўнглашга ёрдам беради. Шунингдек,

  • масофавий таълим мутлақо бепул бўлиб, ҳар бир ўқувчига ўзи хоҳлаган вақтда, шароитидан келиб чиқиб, мустақил таълим олиш имконини беради;
  • бу таржималар ўзбек тилини янада бойитади. Таълим, илм-фан оламидаги охирги янгиликлар ўзбек тилида етказиб берилади.

Истисно тариқасида www.khanacademy.org платформасига барча Интернет провайдерлари ва мобиль операторлари орқали бепул кириш имкониятини таъминлади.

2006 йили MIT битирувчиси Салмон Хон видеодарслар орқали беморлиги учун мактабга боролмай қолган жиянига математикани ўргатмоқчи бўлган. Унинг бу дарслари оммалашиб кетгач, у Хон академиясига асос солади.

  • Академия хайрия маблағлари ҳисобига молияланади. Ҳозир “Google”, “Bill & Melinda Gates” фонди томонидан молиявий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
  • Академиянинг онлайн таълим платформасида 10 мингдан ортиқ маъруза, 100 мингдан ортиқ интерактив машқ жамланган. Улар 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган.
  • Дунё бўйлаб ҳар ойда 40 миллионга яқин ўқувчи, 2 миллионга яқин ўқитувчи Хон академияси материалларидан фойдаланади.