Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Хитой ёрдамида юзни таниш технологиясини Ўзбекистонда жорий этмоқчи. Podrobno.uz ИИБдаги манбасига таяниб хабар беришича, Тошкент кўчаларида юзни таниш технологиясини татбиқ этиш бўйича Хитойнинг Huawei компанияси билан музокара олиб борилмоқда.

Ички ишлар маъсулларига кўра, Хитой компанияси билан дастлабки келишувга эришилган, лойиҳа илк босқичларда турибди.

"Бу тизим «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасининг асосий элементларидан бўлиши мумкин. Бунинг учун Тошкент чорраҳаларида ўрнатилган камералар дастурини ўзгартириш ва бошқарув марказини созлаш керак бўлади, холос", – деган Podrobno манбаси.

Юзни таниш технологияси соҳасида Хитой компаниялари дунёда энг илғор ўринларни эгаллаган. Хитой ҳукумати мамлакатдаги улкан CCTV камераларда ишлатиладиган юзни танишни такомиллаштиришга катта маблағ сарфлайди.

  • Юзни таниш технологияси терроризм ва жиноятчиликка қарши курашда қўл келади.
  • Бу технологиядан ўзгача фикрлайдиган, мухолиф шахсларни кузатиш ва таъқиб қилишда фойдаланиш ҳам мумкин.

Хусусан, Хитойда бу технология уйғурлар каби миллий озчиликларни таъқиб қилишда кўп ишлатилади. Масалан, бирор уйғурнинг уйига 20 кун ичида 6 та миллатдоши келса тизим полицияга сигнал беради.

Хитойнинг кузатув камераларининг улкан тармоғига боғланган юзни таниш технологияси қиёфасига қараб фақатгина уйғурларни танлаб олади ва уларнинг кирди-чиқдисини полициянинг маълумотлар базасида сақлаб туради.