НИКТУРИЯ – КЕЧАСИ ТУРИБ СИЙИШ МУАММОСИ

                            

 

               НИКТУРИЯ – КЕЧАСИ  ТУРИБ  СИЙИШ  МУАММОСИ

 

       Тиббиётда кечаси уйқудан уйғониб тез-тез сийишга никтурия дейилади. Никтурия  простата бези аденомасининг энг биринчи ва кенг тарқалган аломатларидан ҳисобланиб, 85% беморларнинг илк шикоятлари кечалари туриб тез-тез сийишдан бўлади. Деярли барча ёши улуғ эркакларни безовта қиладиган, қарилик гаштини суришга халал берадиган аломат ҳам никтурия ҳисобланади. Кечалари туриб сийиш 45ёшли эркакларнинг 30%ида, 50-59ёшлардаги эркакларнинг 66%ида, 80ёшдан ошганларнинг  91%ида учрайди. Ушбу кўрсаткичлар қариётган организмда сийдик йўлларида содир бўлаётган анатомик ва физиологик ўзгаришлар асосий ролни ўйнашини кўрсатади. 

       Меъёрда сийдик қовуғига ҳар соатда 50мл.дан ошиқроқ  пешоб йиғилади. Тўпланаётган сийдикнинг қовуқдан чиқиб кетмаслиги бош ва орқа мия томонидан бошқарилиб турилади. Сийдик пуфагидаги пешоб миқдори 150-200мл.га етса сийиш рефлекси ишга тушади, яъни сийишга қистов пайдо бўлади. Инсон онгли равишда сийишни тўхтатиб туриши, давом эттириши ёки қистов бўлмаса ҳам ўз ихтиёри билан сийиши мумкин. Демак, сийиш – онгли равишда бошқариладиган ихтиёрий жараён экан. Соғлом одам нормада кун давомида 4-6 марта сийиши мумкин. Бир сутка давомида 1,5 – 1,8 литр пешоб чиқаради. Бунда кундузги чиқарадиган пешоб миқдори 60%ни, кечқурунгиси эса 40%ни ташкил этиши керак. Никтурияда эса тунги сийдик миқдори кундузгига нисбатан кўпаяди.

       Текширишлар шуни кўрсатадики, ёш ўтган сари тунги пешоб миқдори кундузгига нисбатан ошиб борар экан. Масалан, 21-35 ёшли соғлом кишиларда тунги пешоб миқдори суткалик ҳажмнинг 14 фоизини ташкил этади, яъни тунда 210мл, кундузи эса 1290мл пешоб ажралади.  Ёши катта соғлом инсонларда эса бу кўрсаткич 34 фоизгача ошиб, тунги пешоб 510мл, кундузгиси эса 990мл.ни ташкил этар экан. Сийдик қовуғидаги пешоб миқдори 150-200мл.га етгач сийиш рефлекси ишга тушишини ҳисобга оладиган  бўлсак, ёши катталарнинг тунда бир марта сийишга чиқиши норма ҳисобланади.

       Никтурия – ўзи мустақил касаллик бўлмай, балки қатор касалликларнинг аломати сифатида пайдо бўлади. Масалан:

·        Сурункали юрак етишмовчилиги - унда беморнинг кун давомида ичган суюқлиги тўпланиб туриб, шишлар пайдо бўлади. Кечқурун эса буйракларнинг қон билан таъминланиши яхшиланиб, тўпланган суюқлик чиқарилиши тезлашади ва бу кечаси тез-тез сийишга сабаб бўлади.      

·        Жигар етишмовчили (циррозда);

·        Қалқонсимон без касалликларида;

·        Цистит – сийдик пуфагининг яллиғланиши;

·        Буйракнинг яллиғланиши (пиелонефрит, гломерулонефрит);

·        Буйрак артерияларининг атеросклерози;

·        Буйрак етишмовчилиги;

·        Гиперактив сийдик пуфаги;

·        Простата безининг аденомаси;

·        Простатит;

·        Простата бези раки;

·        Қандсиз ва қандли диабет ва бошқалар.

 

       Никтурияга яна нималар  сабаб бўлиши мумкин?  Кечалари кўп сийиш ҳар хил ҳолатларда намоён бўлиши мумкин:

·        Кўникиб қолган одат;

·        Кечқурунлари кўп чой ёки қаҳва ичиш – уларнинг таркибида кофеин моддаси бўлиб, у сийдик ҳайдовчи таъсирга эга;

·        Кечалари сув ёки бошқа ичимликларни кўп миқдорда ичиш;

·        Суюқ овқатларни кўп истеъмол қилиш; 

·        Алкоголли ичимликларни ичиш;

·        Сийдик ҳайдовчи дори воситаларини қабул қилиш ва ҳ.к.

        Никтурия нафақат беморга, балки шу билан бирга унинг турмуш ўртоғи ва яқинларига ҳам турли ташвиш ва ноқулайликлар олиб келади. Сўровлар шуни кўрсатадики, никтурия безовта қиладиган беморларнинг турмуш ўртоқлари 50% ҳолларда уйқусизликдан озорланишар экан. Чунки ҳар сафар эрлари ҳожатхонага чиққанида улар ҳам уйғониб, сўнг ухлолмай қийналишар экан.

       Тунлари бир неча марталаб қайта-қайта уйғониш қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

·        уйқунинг бузилиши ва уйқусизлик;

·        бемор ўзини дам олмагандек ҳис қилади, чарчоқ уни ҳеч тарк қилмайди;

·        хотираси пасаяди;

·        жуда жаҳлдор, бошқалар билан муроса қила олмайдиган бўлиб қолади;

·        бирор нарсага диққатини жалб қилолмайди;

·        асаблари таранг  бўлиб юради;

·        доимий чарчоқ иммунитетнинг сусайишига ва юрак-қон томир тизимида ҳар хил касалликлар пайдо бўлишига олиб келади.

·        ишининг сифати пасайиб кетади;

·        депрессияга учрайди;

·        транспорт воситасини бошқариш у учун хавфли бўлиб қолади. Статистик маълумотларга кўра, йўл транспорт ҳодисаларининг 20% ҳолларида авариялар диққатнинг сусайиши ва рулда ухлаб қолиш натижасида рўй берар экан.

·        Кўпинча уйқудан тўлиқ уйғонмай ёки чарчоқ сабабидан қоронғида ҳожатхонага бориш натижасида йиқилиб ё урилиб, ҳар хил жароҳатлар олиши мумкин. Статистик маълумотларга қараганда, тунлари икки марта ва ундан кўп ҳожатга чиқадиган қарияларда, йиқилиш ва жароҳат олиш ҳолатлари икки баравар кўп учрар экан. 

       Кўп суюқлик истеъмол қилиш айримлар учун шунчаки одат бўлса, бошқаларда қандсиз ёки қандли диабетнинг бир кўриниши бўлиши мумкин. Бунда нафақат тунги, балки кундузги сийдик чиқариш миқдорининг ҳам ошиши кузатилади.

       Никтурияни аниқлаш учун беморни касалхонада сийиш кундалиги (Зимницкий усули бўйича) текширишади. Бунда касал бир сутка давомида ҳар 3 соатда алоҳида идишларга сияди. Сўнг лабараторияда ушбу пешобларнинг ҳажми ва нисбий зичлиги аниқланади. Нормада тунги пешоб миқдори кундузгига нисбатан камроқ ва унинг концентрацияси юқорироқ бўлиши лозим. Никтурияда эса  тунги пешоб миқдори ошган бўлиб, суткалик миқдорнинг  2/3 қисмини ташкил этиши ва унинг концентрацияси анча камроқ эканлиги маълум бўлади.

 

                    НИКТУРИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЙЎЛЛАРИ

 

       Кечалари тез-тез сийишга чиқадиган беморлар нималарга эътибор беришлари лозим? (Давоми бор...)

                           Илҳом Қаҳҳоровнинг “Эркаклар учун тиббий қўлланма”

                                                                     китобидан парча