Простата бези аденомаси

  

Простата безининг хавфсиз гиперплазияси (ПБХГ) ёки простата бези аденомаси – ёши улғайган эркакларда простата безининг ўсмасимон (хавфсиз) катталашуви. ПБХГ рак эмас, у хавфсиз ўсмадир. Простата бези мушакли без аъзо бўлиб, сийдик қовуғи остида жойлашган ва унга тармашиб туради. Ичидан сув оқаётган юмшоқ резина шлангни қўл бармоқларингиз орасида тасаввур қилинг. Агар сиз бармоқларингизни мушт қилиб қиса бошласангиз, унда резина шлангдан сув оқиши қийинлашади. Агар қаттиқ қиссангиз, сув умуман ўтмай қолади. Простата бези ҳам худди шунга ўхшаб сийдик йўлини узук ҳалқасидек ўраб туради ва нормада ундан сийдик бемалол ўтади. Аммо простата бези аденомадасида ушбу без катталашиб, сийдик йўлини қисиб қўяди (1-расмга қаранг).

1-расм. Биринчи ҳолатда катталашмаган нормал простата бези ва қисилмаган сийдик йўли кўрсатилган. Иккинчи ҳолатда без катталашиб сийдик қовуғи бўйнини ва пешоб йўлини қисиб қўйган.      

Ёш ўта бошлагач жинсий безлар фаолияти сусайиб, простата безининг фаолияти ҳам пасаяди. Унинг ёпишқоқ тўқимаси қисман бириктирувчи тўқима билан қоплана бошлайди. Эллик ёшдан ошганда сийдик йўли атрофидаги безлар ўсиб кета бошлайди. Натижада простатада шишга ўхшаш безарар ҳосила (аденома) пайдо бўлади. Ушбу аденома саратон ўсмасидан фарқли равишда ҳеч қачон метастаз* (МЕТАСТАЗ (юнон.metastasis-сурилиш, ўтиш)-касаллик қўзғатувчисининг (бактериялар, ўсма ҳужайралари ва б.) бошланғич ўчоқдан организмдаги бошқа органларга қон ёки лимфа орқали ўтиши натижасида вужудга келадиган иккиламчи касаллик ўчоғи) бермайди ва қўшни аъзолар ичига ўсиб кирмайди. Аввалига бир ёки бир нечта тугун пайдо бўлади, у аста-секинлик билан ўсиб боради ва оқибатда пешоб чиқариш каналини ва сийдик қовуғининг бўйнини қисиб қўйиб, унинг нормал фаолиятини бузади, сийдик чиқарилишини қийинлаштиради. Аденома катталашиб кетса, тўғри ичакни қисиб қўйиб, қариларда ич қотишига ҳам олиб келиши мумкин. Нормада 15-20граммни ташкил этадиган простата бези аденомада 200граммгача ва ҳатто ундан ҳам катталашиб кетиши мумкин.

Простата бези аденомаси секин ривожланадиган хасталик, шунинг учун  беморлар простата безидаги ўзгаришлардан кўпинча бехабар бўлишади, касалликнинг илк белгиларига бепарво қарашади.

Одатда, простата бези аденомасининг  аломатларидан 40 ёшдан ошган эркакларнинг 20%и, 50 ёшдан ошганларнинг 30-40%и, 60 ёшдан ошганларнинг эса 50-70%и, 65дан ошганларнинг эса 75-90%и азият чекади.

ПРОСТАТА БЕЗИ АДЕНОМАСИНИНГ АЛОМАТЛАРИ

Кўпинча 40 ёшдан ошган эркакларда қуйидаги шикоятлардан бири ёки бир нечтаси кузатилса, бу простата бези аденомасига алоқадор бўлиши мумкин:

• Кечаси уйқудан уйғониб сийгани чиқиш (заҳар танг);

• Кейинчалик кундузлари ҳам тез-тез кичик ҳожатга чиқиш. Аҳвол шу даражагача борадики, беморлар узоқ сафарларга чиқмайдиган, базм-маросимларга бормайдиган, фақат уйда ёки ҳожатхонаси бор ишхонада  ўтирадиган бўлишади;

• Сийишни бошлашда кечикиш ёки кутиш;

• Сийишда қийналиш;

• Узоқ сийиш (сийиш бир неча дақиқагача чўзилиб, бемор шунчалик чарчайди-ки,  ҳатто орада тўхтаб, дам олишга ҳам тўғри келиши мумкин);

• Сийишнинг бошида ва охирида кучанишга мажбур бўлиш;

• Сийиш пайтида пешоб миқдорининг камайиши;

• Сийишга чақирув бўлган пайтда уни узоқ ушлаб тура олмаслик; 

• Сийдик қочиши;

• Сийдик қовуғида оғриқ;

• Сийдик оқими  босимининг  пасайиши: аввалига сийдик ингичкалашиб тушади ва узоққа бормайди, бемор гўёки оёғига сийгандек бўлади;

• Сийишнинг охирида пешоб узилиб-узилиб келиши;

• Сийгандан сўнг сийдик қовуғининг тўлиқ бўшамаслик ҳисси; 

• Қовуқ пешобга тўла бўлса-да, беморнинг  кичик-кичик порциялар билан сийиши;

• Аввалига тунда, кейинчалик кундузлари ҳам беморнинг ихтиёрисиз сийдик томчилаб келадиган бўлиши;

• Сийдикда қон пайдо бўлиши (бу қовуқда доимо пешоб туриши сабаб , унинг ичидаги босим ошиб, натижада вена томирларининг шикастланиши оқибатида юз беради);

• Агар сийдик чиқариш йўлларига инфекция тушган бўлса, унда пешоб чиқариш пайтида ачишиш, нохуш сийдик ҳиди келиб туриши, бел оғриғи ҳам қўшилиши мумкин;

• Баъзан сийдик тўлиқ тутилиши.

Касалликнинг клиник кўриниши сийдик чиқариш билан боғлиқ енгил бузилишлар билан бошланади – сийишни бошлашда кечикиш ёки кутиш. Яъни, 40 ёшгача киши ҳожатхонага кириши биланоқ дарҳол пешоб чиқаришни бошлаган бўлса, энди сийдик дарҳол чиқмай, унинг бошланишини бир неча сония кутишга, бунинг учун кучанишга тўғри келади. Бемор сийдик оқими босимининг бироз пасайганлигини сезади. Авваллари кечаси пешобга чиқмаган бемор, энди кечалари 1-2 марта ёки ундан кўпроқ  чиқадиган бўлиб қолади. Қовуқда сийдик тўпланиб қолиб, унинг ичидаги босимнинг ошишига, пешоб туриб қолиб инфекция тушишига, дивертикул ва трабекулаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Аденоманинг сийдик йўлини қисиб қўйиши натижасида пешоб чиқишига доимий қаршилик пайдо бўлади ва шу сабабдан қовуқ мушаклари ҳар сафар кўпроқ кучанишига тўғри келади. Оқибатда бу мушаклар қалинлашади. Аммо бу жараён қовуқ мушакларининг ҳамма қисмида текис бўлмай, айрим қисм мушаклар  ривожланмай қолади. Бу эса, ўша жойларда, пешоб босими сабабидан, трабекуляр бўшлиқлар пайдо бўлишига ва сийдик тошчалари – уратлар чўкиб қолишига олиб келади (2-расмга қаранг).

2-расм. Биринчи ҳолатда трабекуляр бўшлиқлар, иккинчисида эса чўкиб қолган сийдик тошчалари кўрсатилган.

Пешобнинг ҳаддан ташқари кўп тўпланиб қолиши натижасида қовуқ соҳасида оғриқлар, бел соҳасида нохушлик, тез-тез сийишга чақирувлар безовта қилади.

Простата безининг аденомаси ўзининг ривожланиш жараёнида қуйидаги кетма-кет уч босқични ўтайди:

Биринчи босқичда хасталик сийдик қовуғи, юқори пешоб йўллари ҳамда буйракларнинг заҳира имкониятлари ҳисобига бир неча йилгача зўраймай, касалнинг ҳолати барқарор бўлиши мумкин.  Бемор кундузлари пешоб чиқариш учун кўп қатнамаса-да, чиқаётган сийдик миқдори аввалгидан камайганини сезади, пешоб бироз кутишдан сўнг чиқади. Тунлари эса бемор бир-икки ёки ундан ҳам кўпроқ уйғониб, кичик ҳожатга чиқадиган бўлиб қолади. Афсуски, кўп беморлар бу ҳолни ёш ўтиши ва уйқусизликка йўйиб хато қиладилар ва шифокорга мурожаат қилмайдилар. Яна бу босқичда қовуқда, сийдик йўлларида ва чаноқ соҳасида нохушлик сезилади. Ушбу босқич 1-2 йилдан 10-12 йилгача давом этиши мумкин.

Иккинчи босқичда хасталик аломатлари янада кўпроқ намоён бўла

бошлаб,  кундузи ҳам, тунда ҳам тез-тез сиядиган бўлиб қолади. Пешоб бирданига чиқмай, тўхтаб-тўхтаб, томчилаб чиқадиган бўлади. Қовуқда 100-200мл, баъзида эса 300-500мл.гача пешоб йиғилиши мумкин.

Касаллик зўрайганда сийдик қовуғи шиллиқ қаватининг яллиғланиши, пешоб чиқаришда оғриқ пайдо бўлиши кузатилиши мумкин. “Буйруқ берувчи сийиш” симптоми  пайдо бўлиб, бунда чидаш қийин бўлган сийишга чақирувлар сони кўпаяди, ҳатто чақирув пайти сийдик ушлай олмаслик кузатилиши мумкин. Вақти-вақти билан бу аломатлар ўз-ўзидан йўқолиб, гўёки тузалганлик ҳиссиёти пайдо бўлади. Аммо бу ҳиссиёт ёлғончи бўлиб, касалликка иккиламчи инфекция қўшилгач авж олиб кетади, сийганда босим жуда пасайиши, унинг оёқлар орасига зўрға оқиши, айниқса, кечалари сийдик миқдорининг ошиши кузатилади. Шамоллаш, қаттиқ совқотиш, кучли ҳолдан тойиш, руҳий стресслар, спиртли ичимликлар (жумладан пиво) истеъмол қилиш натижасида сийдик чиқиши бутунлай тўхтаб қолиши мумкин.

Агар вақтида даволанса, хасталикнинг биринчи босқичи иккинчисига ўтмайди, аммо иккинчи босқич бошланса, албатта, учинчисига ўтади.

Учинчи босқич. Бу босқичда қовуқда сийдик тутилиши сурункали шаклга ўтиб, пуфак бўшлиғида ҳар доим пешоб бўлади ва унинг ҳажми вақт ўтган сайин ошиб бораверади. Бу даврда сийдик пуфаги деворларида органик ўзгаришлар юз беради – қовуқ деворлари юпқалашади, ёлғон дивертикуллар (қовуқ деворининг халтасимон шишиб чиқиши) пайдо бўлади, пуфак мушакларининг тонуси сусаяди, уларнинг қисқариш қобилияти деярли йўқолади. Пуфакнинг ҳажми чўзилиб катталашади,    текширганда унинг чегаралари киндикдан ҳам юқорига кўтарилганлигини кўриш мумкин. Унинг сезувчанлигини пасайиши натижасида беморлар сийдик тутилиши аломатларидан камроқ азият чека бошлайдилар ва оқибатда аҳволим яхшиланди, деб хато қиладилар. Қовуқда 1,5–2 литргача  пешоб тўпланиб, аввалига тунлари, кейинроқ эса кундузлари ҳам беморнинг ихтиёрисиз томиб туради. 

Бу босқичда буйрак фаолияти ишдан чиқиб, чанқоқ, оғиз қуриши, иштаҳанинг буткул йўқолиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, қабзият (ич қотиши) кузатилиши мумкин.Танани азотли шлак (чўкма)лар билан заҳарланиши натижасида оғиздан пешоб ҳиди келиши, озиб кетиш, руҳий тушкунлик рўй беради. Йиғилган пешобда инфекция ривожланиши натижасида тана ҳарорати кўтарилиши мумкин. Аста-секин буйрак жомлари ва сийдик йўллари кенгаяди, буйрак тўқимаси майинлашади ва охир-оқибатда атрофия юз беради.  Сийдик қовуғида тош йиғилиши аденоманинг энг кўп учрайдиган асорати ҳисобланади. 

Аденома узоқ муддат давом этганлиги сабабли, вақт ўтиши билан бемор ўз аҳволига кўникади, ўзидаги аломатларни яшаш нормаларидан бири деб қабул қиладиган бўлади.

Бу босқичда биринчи ўринга буйрак етишмовчилиги аломатлари, чанқаш, ориқлаб кетиш, силласи қуриб қолиши, кўзнинг оқ пардасини сарғайиши ва юрак муаммолари чиқади. Қоринни қўл билан текширганда тўлиб кетган сийдик қовуғи сезилади ва уни бемор мустақил бўшата олмайди. Тўғри ичакни бармоқ билан текширганда ҳажми кескин катталашган простата безини сезиш мумкин. 

НИКТУРИЯ – КЕЧАСИ  ТУРИБ  СИЙИШ  МУАММОСИ

Тиббиётда кечаси уйқудан уйғониб тез-тез сийишга никтурия дейилади. Никтурия  простата бези аденомасининг энг биринчи ва кенг тарқалган аломатларидан ҳисобланиб, 85% беморларнинг илк шикоятлари кечалари туриб тез-тез сийишдан бўлади. Деярли барча ёши улуғ эркакларни безовта қиладиган, қарилик гаштини суришга халал берадиган аломат ҳам никтурия ҳисобланади. Кечалари туриб сийиш 45ёшли эркакларнинг 30%ида, 50-59ёшлардаги эркакларнинг 66%ида, 80ёшдан ошганларнинг  91%ида учрайди. Ушбу кўрсаткичлар қариётган организмда сийдик йўлларида содир бўлаётган анатомик ва физиологик ўзгаришлар асосий ролни ўйнашини кўрсатади. (Давоми бор...) 

 

Илҳом Қаҳҳоровнинг

“Эркаклар учун тиббий қўлланма”

китобидан парча.